Қирғизистон амалдорларнинг таниш-билишчилик ва коррупцион йўлларини тўсмоқчи

Олам

image

Қирғизистонда давлат хизматчиларининг коррупцияга йўл қўйиши олдини янада олиш, қариндош-уруғчилик ва дўстона муносабатлар, шахсий манфаатдорлик эвазига иш битиришларини назорат қилиш мақсадида қонунчиликка муҳим ўзгаритириш киритилмоқда. 

Мамлакат парламенти – Жогорку Кенешга “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тақдим этилди. 

Ушбу ҳужжатнинг мақсади давлат ва муниципал даражадаги хизматчилар ўртасидаги манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва ҳал қилишга ёрдам берадиган асосий қоидаларни аниқлаштириш ва кенгайтиришдан иборат. 

Хусусан, қонуннинг янги таҳририда “аффилланган шахс” атамаси нимани англатиши батафсилроқ баён этилган. Ушбу таъриф энди битимлар, компанияларда улушли иштирок этиш, молиявий қарамлик, назорат, шунингдек, яқин қариндошлик алоқалари ёки қарамоғида бўлиш каби қарорлар қабул қилишга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатишга қодир бўлган жисмоний ва юридик шахсларни ўз ичига олади. 

Қонун лойиҳасида Вазирлар Маҳкамаси манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли давлат органларини белгилаши ҳам жорий этилмоқда. Ушбу органлардан бири мазкур ҳужжат ижросини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш билан шуғулланади. 

Ўзгартиришлар шахсий манфаатлар тўғрисидаги декларацияларни текшириш жараёнига ҳам тааллуқли. 

Лойиҳага кўра, бундай декларацияларни текшириш тегишли давлат органлари, шунингдек, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва муассасаларининг ходимларни бошқариш хизматлари томонидан амалга оширилади. 

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан қонунбузарлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Қонуннинг 28-моддаси янги таҳририда таъкидланишича, декларацияларда нотўғри маълумотларни тақдим этиш интизомий жавобгарликни келтириб чиқаради ва раҳбарнинг аниқланган манфаатлар тўқнашувига муносиб жавоб бермаслиги унинг ишдан бўшатилишига олиб келиши мумкин. 

Қонунчиликни бузган ҳолда олинган даромадлар ва мулкий фойдаларни давлатга этказилган зарар сифатида уларни қоплаш мажбурияти билан кўриб чиқиш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистонда-чи?

Ўзбекистонда 4 йилдирки, “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун тўрт кўз билан кутилаётган, қонун лойиҳаси ҳа деганда ишлаб чиқилиб, жамоатчиликка тақдим этилмаётган бир пайтда Қирғизистон бу борада янги босқичга ўтяпти. Энди амалдорлар ёки уларнинг қариндошлари қандай мол-мулкка эгалик қилиши етмагандек, дўстлари, ҳамкорлари, манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли юқори бўлган танишлари ҳақида ҳам маълумотларни қўлга киритиб, коррупциянинг йўлини батамом тўсмоқчи. Ўзбекистон-чи?

Президент Фармони билан 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари, ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими ҳам жорий этилиши белгиланганди. Ҳа деганда энди катталарнинг мол-мулки хатловдан ўтказилади. Нафақат ўзи, балки қариндошлари ҳам бойиб кетолмайди, дейишди.

Бироқ, ҳалигача бу қонундан дарак йўқ. “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилиши керак эди. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг QALAMPIR.UZ'га берган маълумотига кўра, 2021 йилнинг август-сентябрь ойларида қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ДХХ, ИИВ, ДСҚ, Олий суд, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банки билан дастлабки ва идоравий келишувлардан ўтказилиб, уларнинг таклифлари асосида такомиллаштирилган. Қонун лойиҳаси 2021 йилнинг 1 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган. Лекин, натижа йўқ! 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелда имзоланган “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2025 йил май ойида тайёр бўлиши айтилган эди. Аммо, яна натижа йўқ. 


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Коррупция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг