Қирғизистон ҳамиша Россиянинг бақувват елкасига суянади – Жээнбеков Путинга
Олам
−
29 Сентябрь 2020
10012Путин Қирғизистоннинг самимий ва буюк дўсти. Қирғизистон ҳар қачон Россияга суяна олишига ишонади. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээбеков Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан кеча, 28 сентябрь куни Сочида бўлиб ўтган учрашувида айтиб ўтган. Жээнбеков гапни энг аввало Путинга қабул учун миннатдорлик билдиришдан бошлаган.
“Сиз билан учрашганимдан чин дилдан хурсандман. Бандлигингизга қарамай, доимо Қирғизистонга вақт ва эътиборингизни ажратасиз. Бу мамлакатимиз учун ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан катта ёрдамдир. Россия бизни доимо қўллаб-қувватлаб келган. Ва бу сизнинг шахсий иродангиз, сиз Қирғизистоннинг самимий буюк дўстисиз. Қирғизистон халқи буларнинг барчасини билади, эслайди ва жуда қадрлайди. Бундай қўллаб-қувватлаш учун Қирғизистон халқи номидан ва ўз номимдан миннатдорлик билдирмоқчиман”, деган Жээнбеков.
Унинг қайд этишича, Қирғизистон ҳар доим Россиянинг ёрдамини ҳис этади ва унга суянади:
“Қирғизистон ҳар доим Россиянинг бақувват елкасини ҳақиқий дўст, иттифоқчи ва стратегик шерик сифатида ҳис қилади. Буни, айниқса, бу қийин, оғир пайтда сездик. Сизнинг шарофатингиз билан биз мамлакатда эпидемиологик вазиятни барқарорлаштиришга муваффақ бўлдик ва сизнинг шарофатингиз билан Россияда яшовчи фуқароларимизга ёрдам кўрсатилди”.
Жээнбеков, шунингдек, Путинни коронавирус инфекциясига қарши биринчи вакцинани рўйхатдан ўтказилгани билан табриклаган. Вакцинанинг рўйхатдан ўтказилишини “бутун инсоният кутган кун” дея таърифлаган Қирғизистон раҳбари Россия вакцинасидан Қирғизистон фуқаролари ҳам баҳраманд бўлишига умид билдирган. Қолаверса, у Путинга Евроосиё барқарорлаштириш ва тараққиёт жамғармаси томонидан рекорд даражада 100 миллион доллар миқдорида кредит ажратилгани учун раҳмат айтган. “Бу бизнинг иқтисодиётимиз учун жуда муҳим ёрдам”, дейди Жээнбеков.
Шу билан бирга, у Россиянинг ёрдами билан Қирғизистон назорат пунктларини модернизация қилиш ишларини тугатаётганини, биз солиқ инспекциясининг ахборот тизимида товарларни маркалаш ва кузатиб борилиши бошланганини қайд этган.
“Қирғизистон халқи сиз билан учрашувимиздан кўп нарса кутмоқда. Маълумки, айниқса, парламент сайловлари арафасида турли кучлар фаоллашди, улар мамлакатимиз барқарорлиги ва ривожланишига қарши. Улар ҳаттоки Қирғизистоннинг суверенитетига тажовуз қилишга уринмоқдалар ва улар бизнинг иттифоқдош муносабатларимизга, стратегик шерикликка таъсир қилади. Албатта, биз уларга йўл бермаймиз, улар муваффақиятга эриша олмайди, чунки биз учун энг муҳими – Россиянинг қўллаб-қувватлаши. Бу жуда муҳим ва бунинг учун сиздан миннатдорман. Биз ҳар доим тарихий дўстона муносабатларимизни қадрлаймиз, улар асрлар давомида синовдан ўтган”, дейди Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков.
LiveБарчаси