Қинғир ишнинг қийиғи: Норбоева Олмазорда мажбурий меҳнат содир этилганини тасдиқлади

Жамият 9548
image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси – Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева QALAMPIR.UZ’нинг Тошкент шаҳар Олмазор туманида Жамоат хавфсизлиги университети талабалари мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳақидаги хабарини тасдиқлади. Сенат раисига кўра, университет мутасаддиларига нисбатан чора кўрилган. Бу ҳақда Норбоева кеча, 6 май куни Сенатда бўлиб ўтган Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилишида сўз очган. 

Қайд этилишича, Ўзбекистонда 2021 йил давомида давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида 75 та мажбурий меҳнатга йўл қўйиш ҳолати аниқланган. 

Жумладан, халқ таълими тизимида 34, соғлиқни сақлаш тармоғида 9, транспорт соҳасида 5, ободонлаштириш корхоналари тизимида 6, тадбиркорлик ва қурилиш соҳасида 5, банк ва молия соҳасида 4 ҳолат қайд этилган. 5 ҳолатда туман, шаҳар ҳокимликлари мутахассислари аралашуви билан мажбурий меҳнатга йўл қўйилган.

Йиғилишда QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган “Костюм-шим кийган ободонлаштириш ходимлари ёхуд Олмазорда мажбурий меҳнат анъанага айландими? Норбоева қаердасиз?” номли журналистик суриштирув ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокамага сабаб бўлгани қайд этилган. Бу ҳақида фикр билдираркан, Норбоева шундай дейди:

“Журналист ва блогерларга муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда, жамоатчилик назоратини олиб боришда кўрсатаётган ёрдами учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Бошқа томондан, айрим мутасадди раҳбарлар ҳали ҳам эскича фикр, эскича қарашлар билан юрганлиги ачинарли, албатта”.

Сенат раиси мажбурий меҳнатга қарши Президент раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларда жойлардаги мутасаддилар, ҳокимлар доғ тушираётганини урғулаган. 

“Қачонгача тушунтириш ишларини олиб бориш керак? Президентимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатга мутлақо зид ҳолат бу. Ушбу ҳолат (таҳр. – Олмазор туманида Жамоат хавфсизлиги университети талабалари мажбурий меҳнатга жалб этилгани) жойига чиқиб ўрганилди ва университетнинг мутасадди ходимларига нисбатан интизомий чоралар ҳам кўрилди. Аммо бир нарсани яхши англаб олишимиз керак, биз бундай ҳолатларни қоралаймиз, битта ҳолат бўлса ҳам – бу жиноят. Шунинг учун бу каби ҳолатларга тўлиқ барҳам бериш, мутасадди раҳбарлар масъулиятини янада ошириши керак”.

Йииғилишда давлат меҳнат инспекторлари сонининг халқаро талабларга жавоб бермаслиги, уларнинг режалаштирилмаган текширувларни ўтказиш ҳуқуқига эга эмаслиги барча тармоқларда ҳам меҳнат қонунчилиги талабларига тўлиқ риоя этилишини тезкор ўрганиш имкониятини бермаётгани қайд этилди. 

Ушбу муаммони бартараф этиш ҳамда соҳани такомиллаштириш юзасидан Президент Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Ҳозир Фармон лойиҳасини бугунги кун талабидан келиб чиққан қайта такомиллаштириш ҳамда белгиланган тартибда Ҳукуматга киритиш лозимлиги айтилди. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 апрель куни QALAMPIR.UZ’да “Костюм-шим кийган ободонлаштириш ходимлари ёхуд Олмазорда мажбурий меҳнат анъанага айландими? Норбоева қаердасиз?” номли журналистик суриштирув эълон қилинган эди. Унда 20 апрель куни Олмазор тумани, Қора-қамиш 2/4 даҳасида оқ кўйлак, қора шим (форма) кийган бир гуруҳ йигитлар қўлларида челак, “лопатка” кўтариб ҳудудни тозалаётгани, мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида сўз борганди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ушбу мақола ортидан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг топшириғига асосан, Давлат меҳнат инспекцияси ҳамда Миллий гвардия масъул ходимлари иштирокида ўтказилган 8 кунлик текширув якунларини эълон қилди. Ачинарли ва кулгули тарафи шундаки, инспекция текшируви натижаларида мажбурий меҳнат содир бўлмагани, бу ҳақда талабалар шикоят қилмагани айтилган. Агар текширувда мажбурий меҳнат аниқланмаган бўлса, Сенатдаги йиғилишда Норбоева нега мажбурий меҳнат содир бўлганини тасдиқлаяпти? 

Шу ўринда мажбурий меҳнат содир бўлганини рад этишга уринган Олмазор тумани ҳокимли, Жамоат хавфсизлиги университети, Миллий гвардия расмийларига савол билан юзланмоқчимиз: ойни этак билан ёпишга уриниб, шармандали баёнотлар бериш орқали кимни алдаяпсиз? ОАВними, ўзингизними ё Норбоевани? Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқишини унутган кўринасиз. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 118
Рейтинг: 3
t
×