Қиммат вирус блокаторлар сотиб олишга арзийдими?
Жамият
−
01 Июль 2020
15592Коронавирус пандемияси сабаб вирус блокаторлари одамлар орасида оммалашди. Ўзбекистонда улар бир мунча қиммат. Шу сабабдан одамлар уни сотиб олишдан аввал ҳақиқатан самара беришига қизиқиши турган гап.
Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов брифинг вақтида дорихоналарда коронавирусдан ҳимоя қилиши айтилиб, қиммат нархга сотилаётган бейдж (вирус блокатор)нинг фойдалилиги ҳақида фикр билдирди.
“Вируслар блокатори — Японияда кашф қилинган индивидуал бейдж, ҳозирги вақтда Россия компаниялари ҳам уни ишлаб чиқаришмоқда. Кашфиётчиларнинг таъкидлашича, бейджга киритилган диоксид хлорид моддаси инсон атрофидаги ҳавони зарарсизлантиришга ва бактерия, вирус ва қўзиқоринларни йўқ қилишга ёрдам беради.
Афсуски, бундай баёнотлар бейджлар ҳақиқатдан инсон атрофида тозаликни таъминлашга қодирлигини далилловчи бирор асосланган илмий мақолага таянмаган. Диоксид хлор буғ шаклида А грипп вируси фаоллигини пасайтиради, бунинг учун уни сепиш керак, пластик ёки қоғозга киритиш эмас. Бундан ташқари, тажрибада моддани фақат битта касаллик қўзғатувчисида синовдан ўтказишган, ишлаб чиқарувчилар эса барча мавжуд микроорганизмлардан 99 фоизга ҳимоялашини айтишмоқда”, дейди Оқилов.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Ҳукумати аъзолари ҳам вирус блокаторидан фойдаланади. Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган бир нечта йиғилишларда Бош вазир Абдулла Арипов, Бош вазири ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва бошқа қатор вазирлар ҳам блокатор тақиб олгани кўринганди.
LiveБарчаси