Қиличдорўғли сайловчиларни Эрдўғанга овоз бериб, “гуноҳ қилмасликка” чақирди
Олам
−
27 Май 2023
10780Туркия мухолифатидан президентликка ягона номзод Камол Қиличдорўғли мамлакат фуқароларини сайловларнинг иккинчи босқичида амалдаги Президент Ражаб Тойиб Эрдўған учун овоз бериб, “гуноҳ қилмасликка” чақирди. Бу ҳақда у бугун, 27 май куни “Fox Haber” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Сайлов участкаларига борганингизда Аллоҳ таолодан қўрқинг. Эрдўғанга овоз бериб, гуноҳ иш қилманг”, деган Қиличдорўғли эфирда.
Унинг мазкур баёноти иқтидордаги “Адолат ва тараққиёт” партиясининг кескин норозилигига сабаб бўлган. Партия матбуот котиби Омер Челик мухолифат етакчисининг чақириғини қоралаб, буни Туркияда ҳарбий тўнтариш уюштирганларнинг меросига қайтиш, деб атаган.
“У ўзига овоз бермаган ҳар кимни линч қилмоқда (қонун рухсатисиз оломон ҳаракати билан ўлдириш). Бу қонуний ҳукуматга қарши суд ўтказилган Яссиада оролининг мафкураси”, деган Челик.
Айтиш жоизки, 27 май Туркия тақвимида 1961 йилги ҳарбий тўнтариш куни сифатида белгиланган. Ўшанда Яссиада оролида суд жараёни бўлиб ўтган ва ҳарбийлар томонидан ағдарилган Бош вазир Аднан Мендерес қатл этилган.
Эрдўған эса айнан бугун, 27 май куни Истанбулдаги Мендерес дафн этилган ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилган ва 1961 йилги ҳарбий тўнтаришни “турк демократияси тарихидаги қора доғ”, деб атаган. Келгусида бундай аянчли воқеалар такрорланмаслиги учун сайловчиларни эртага, 28 май куни бўлиб ўтадиган президент сайловининг иккинчи босқичида фаол иштирок этишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 14 май куни Туркияда президентлик ва парламент сайловлари ўтказилганди. Унда Эрдўған 49,51%, Қиличдорўғли 44,88% овоз тўплади. Биринчи турда ғалаба қозониш учун номзодга 50 фоиздан ортиқ овоз керак эди, шунинг учун эртага, 28 май куни сайловнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь