Қиличдорўғли президент бўлса, Туркиядан муҳожирларни ҳайдаб чиқаришини маълум қилди
Олам
−
18 Май 2023
13824Туркия президентлиги учун амалдаги давлат раҳбарининг асосий рақиби ва мухолифат етакчиси Камол Қиличдорўғли бугун, 18 май куни агар президентликка сайланса, мамлакатдаги барча муҳожирларни чиқариб юборишини айтди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Қайд этилишича, Қиличдорўғли Анқарада ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳақда гапирган. Унинг сўзларига кўра, Туркияда айни вақтда 10 миллионга яқин қочқин бор.
“Агар улар қолса, Туркияга 10 миллиондан ортиқ янги муҳожирлар келади. Агар улар қолса, доллар курси 30 лирага кўтарилади (ҳозир 19,7 лира)”, дейди Қиличдорўғли.
Маълумот учун Туркияда амалга оширилган ноанъанавий иқтисодий сиёсат оқибатида 2022 йилнинг ўзида мамлакат миллий валютаси 72,3 фоизга қадрсизланди. Ваҳоланки, ундан бир йил аввал инфляция даражаси 19,6 фоиз эди. Иқтисодчилар 2023 йилда Турк лираси яна 50,58 фоизга қадрсизланишини прогноз қилган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 14 май куни Туркияда президентлик ва парламент сайловлари ўтказилди. Биринчи тур якунлари бўйича Эрдўған 49,51%, Қиличдорўғли 44,88% овоз тўплади. Биринчи турда ғалаба қозониш учун номзодга 50 фоиздан ортиқ овоз керак эди, шунинг учун 28 май куни сайловнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтади. Унда бошқа бир номзод Синан Оған ҳам мухолифатни қўллашини маълум қилган. Бу эса Қиличдорўғлининг имкониятларини ошириб юборади.
LiveБарчаси