Қайси вазирликларда молиявий қонунбузилишлар юқорилиги очиқланди
Жамият
−
11 Январь 2020
6695Давлат молиявий назорати департаменти томонидан 2019 йилда ўтказилган 10 334 та молиявий назорат тадбирларидан 8028 таси (78 фоиз)да 488,3 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар аниқланиб, шундан 253,2 млрд сўмни (52 фоиз) бюджет ва мақсадли жамғармалар ҳамда хўжалик субъектлари ҳисоб рақамларига тикланиши таъминланди.
Молия вазирлиги хабарига кўра, ҳисобот даврида асосий эътибор давлат бюджети маблағларини мақсадли ва қонун ҳужжатларига мувофиқ сарфланишига қаратилган бўлиб, бунда иш режа бўйича назорат тадбирлари фақат камерал назорат тадбирлари ўтказилгандан сўнг шубҳали харажатлар аниқланган бюджет маблағларини олувчилардагина якуний назорат тадбирлари ўтказилди.
2019 йилда аниқланган бюджет интизомини бузилиш ҳолатлари вазирлик ва ҳудудлар кесими бўйича қуйидаги бўлди:
2019 йилда энг кўп аниқланган бюджет интизомини бузилиш ҳолатлари Халқ таълими вазирлиги тизимидаги муассасаларида 29,8 млрд сўмни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 19 млрд сўмга (2,7 марта) кўпайган.
Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги тизими ташкилотларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари 16,7 млрд сўмни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 10,1 млрд сўмга (2,5 марта), Мактабгача таълим вазирлиги тизимидаги муассасаларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари 8,3 млрд сўмни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 2,9 млрд сўмга (1,5 марта), Маданият вазирлиги тизимидаги муассасаларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари 7,8 млрд сўмни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 5,4 млрд сўмга (3,3 марта) кўпайган.
Шу билан бирга, ҳисобот даврида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасаларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари 13,8 млрд сўмни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан (17,1 млрд сўм) камайган бўлса-да, йирик миқдорни ташкил этди.
Ҳисобот даврида аниқланган йирик миқдордаги молиявий хато ва камчиликлар Қашқадарё (18,7 млрд. сўм), Тошкент (17 млрд сўм), Жиззах (16,9 млрд сўм), Андижон (11,8 млрд сўм), Сурхондарё (10,8 млрд сўм), Самарқанд (10,2 млрд сўм) вилоятларига ва Тошкент шаҳрига (10,8 млрд сўм) тўғри келмоқда.
Якуний назорат тадбирларида аниқланган 129,6 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 4 498 та назорат тадбирлари ҳужжатлари қонуний чоралар кўриш учун прокуратура органларига юборилди.
Шунингдек, бюджет интизомини бузилишига йўл қўйган бюджет ташкилотларининг 396 нафар мансабдор ва масъул шахсларига белгиланган тартибда 291,3 млн сўмлик маъмурий жарима қўлланилди.
Давлат молиявий назорати департаменти томонидан профилактика тартибида бюджет ва бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларнинг 2019 йил учун харажатлар сметаси ва штат жадвалларини меъёрий ҳужжатлар ҳамда аниқ ҳисоб-китоблар асосида режалаштирилиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида 39,1 млрд сўм миқдорида ортиқча режалаштирилган харажатлар аниқланиб, кўрилган чора-тадбирлар натижасида ушбу ортиқча харажатларнинг олди олинди.
Бундан ташқари, Давлат мақсадли жамғармалари ва бошқа жамғармалар маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган 1 469 та молиявий назорат тадбирларида 151,1 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, шундан 90,8 млрд сўми (60 фоиз) тикланиши таъминланди ҳамда 141,4 млрд сўм миқдоридаги қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 744 та назорат тадбирлари ҳужжатлари қонуний чора кўриш учун прокуратура органларига юборилди.
Шунингдек, Ҳукумат кафолати остида жалб қилинган кредит маблағларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан ўтказилган 153 та назорат тадбирларида 8,9 млрд сўм миқдорда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, шундан 5,3 млрд сўми тикланди ҳамда 8,5 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 113 та назорат тадбирлари ҳужжатлари ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилди.
LiveБарчаси