Қайнона образидаги ҳокимлар ёхуд сариштали фаришталар
Таҳлил
−
07 август 1331 6 дақиқа
Ҳокимлар газ, свет, тоза сув, маҳаллани асфальт қилиш каби ижтимоий муаммоларнинг ҳаммасини ҳал қилиб бўлди шекилли, энди уйма-уй юриб тозалик рейдини ўтказяпти.
Агар маҳаллангизда райҳон экилмаган, ўтлар ўрилмагани бўлса, ҳоким маҳаллангизни “шармандали”, уйингизни эса “уятли” деб эълон қилади. Нақд тамға ёпиштирилади.
Маҳалла раислари фуқароларнинг хонадонига кириб, уларни камситяпти. Буни ўзлари бемалол видеога олиб, омматан тарқатяпти. Куч қаердан?
Хуллас, “салла деса каллани узиб келиш” тренди давом этади. Яқин дақиқалар давомида антиқа ишлардан мантиқ қидириб кўрамиз.
Сўнгги кунларда ҳокимият ва маҳалла амалдорлари фуқароларнинг хонадонига бостириб киргани, фуқаролар норози бўлса ҳам уларни тасвирга олгани, ўша видеоларда одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини топтаб юргани, бу ишларнинг ҳаммаси ҳисобот учун қилинаётгани акс этган видеолар ёппасига тарқалди.
Ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасановнинг маҳаллалардан бирида ўтказган ўрганиш жараёни акс этган видео тарқалди. Видеода ҳоким хонадонлардан бирига кириб, уй-жой ҳудудидаги тартибсизликлар, чиқиндилар ва санитария ҳолатини танқид қилгани кўринади.
“Бу хонадонга ташқаридан қараган одам уни ташлаб кетилган қабристон деб ўйлайди. Ўчоқнинг ёнишига супуринди йиғилган. Қандай одат бу? Мана, дераза тагларига, уй ён-атрофига қаранг. Чиқиндилар йиғилиб қолган. Ошхона атрофида ҳам супуриндилар тартибсиз ҳолда ташлаб қўйилган. Бу қандай одат? Ахир бу аёлни ҳам бир она тарбиялаган, унинг ҳам фарзандлари бор, эртага у келин-куёв кўради”, деди туман ҳокими.
Ҳоким билан фуқаро уйига бирга кирган, маҳалла раиси дея таништирилган аёл ҳам уй эгасини койиганини кўриш мумкин.
“Неча марта маҳалла келиб уйингизга айтган тозалашни? Мана, қўшниларингиздан сўранг. Мана бу кўчанинг ўтини нега тозалашди, биласизми? Гапирганимиз учун ана шу кўчани тозалади болаларингиз. Халталарда ахлат турарди, эсингиздами? Нима учун сизнинг тўғри яшашингизни ташқаридан келиб кимдир айтиши керак?” дейди аёл.
Ҳоким хонадондаги тартибсизлик нафақат бугунги ҳолат, балки оилавий муҳит ва келажакка ҳам таъсир қилишини таъкидлаган.
“Эртага шу рўзғорга нормал одам келин бермайди”, дейди Самад Ҳасанов уйни кўздан кечираркан.
Видеонинг сўнгида ҳоким аниқланган камчиликлар бўйича чоралар кўрилишини билдирган. У фуқаролардан узр ёки илтимос кутмаслигини, асосий масала мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва амалий натижага эришиш эканини таъкидлаган.
“Ҳозир жаримани урасиз. Уй, ахлат – ҳаммаси учун. Менга биронтасидан илтимос қилди, кечирим сўради деган гап керак эмас”, дейди Самад Ҳасанов.
Бу видеода ҳам, интернетда айланган, айлантирилган, айланаётган бошқа видеоларда ҳам уйдаги тартибсизлик, тозаланмаган жойлар учун “жарима” сўзини ишлатган амалдорлар акс этган. Бирам яхши кўрадиганлар бор шуни. Лекин нима асос, қайси мантиқ бўйича? Фуқаронинг ўз уйидаги тозалик даражаси учун “штраф” берилиши бўйича қандай кодекс, қонун бор экан? Видеода ҳокимнинг “Ҳозир жаримани урасиз... Менга биронтаси илтимос қилди, кечирим сўради деган гап керак эмас” деган буйруғи ҳам маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича белгиланган қонуний тартибларга зид.
Жарима ва интизомий чоралар давлат органи ходимининг хоҳиши ёки кайфиятига қараб эмас, балки аниқ қонуний тартиб-таомиллар, баённомалар ва ваколатли идоралар (масалан, санитария-эпидемиология хизмати) томонидан белгиланиши шарт. Ҳокимнинг якка тартибда, “буйруқ бериш” йўли билан жарима солишни талаб қилиши ҳуқуқий саводхонлик даражаси пастлигини кўрсатади. Ва бу катта эҳтимол билан жавобсиз қолмайди. Чунки мазкур ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳокимга нисбатан хизмат текшируви ўтказишни сўради.
“Ҳар қандай даражадаги раҳбар фуқаролар билан мулоқотда давлат хизматчиси одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиши шарт. Фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини бузиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, шунингдек, асосланмаган маъмурий босим ўтказиш қонунчиликка ва этика меъёрларига мутлақо зид. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилишининг олдини олишга қаратилган ишларни мувофиқлаштириш ваколати доирасида вилоят ҳокимлигига ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда хизмат текшируви ўтказиш ҳамда ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тақдимнома киритди”, дейилади расмий хабарда.
Унинг натижаси эса ҳозирча номаълум. Эҳтимол яна битта ҳокимга нисбатан мана шундай текшириш ўтказилар. Чунки, Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳокими Шерзод Солиҳов бир маҳаллани “шармандали”, аҳоли уйларини эса “уятли” деб эълон қилди. Бунга сабаб эса маҳаллага райҳон экилмагани, ўтлар ўрилмагани, ўрилган бўлса ҳам улар йиғиштирилмаганидир.
“Бирлик”ни маҳалла еттилиги тушуниб етмаяпти. Ҳозир кирганингизда битта райҳон ҳам экилмаган, битта гул ҳам экилмаган, битта кўчат ҳам экмаган. Кўчаларда ўтлар бел баравар бўлиб кетган. Ўрилмаган, ўрилган ўтлар ҳам тўпдек-тўпдек бўлиб ётибди. “Шармандали маҳалла” деб айтса бўладими, бўлмайдими!?”, деган ҳоким.
Ҳаа, шунақа гаплар. Ҳоким маҳаллаларга бириктирилган корхона ва ташкилотлар раҳбарларига ҳудудлар ҳолатини шахсан назорат қилиш, ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш ҳамда бажарилган ишлар бўйича фотоҳисобот тақдим этиш вазифасини ҳам қўйди. Яна ҳисобот. Йиғилиш якунида белгиланган муддатда камчиликлар бартараф этилмаса, маҳалла ва хонадонларга тегишли огоҳлантирувчи ёзувлар қўйилишини айтган ҳоким, ишга ҳозирданоқ киришинглар деган.
“Тозалик рейди”ни ўтказаётган ҳокимлар мустақиллик байрами сабаб мана шундай ишларни амалга ошираётганини билдирмоқда. Аммо ушбу байрамга тайёргарлик кўришда бу даражада майдалашиш, фуқароларнинг уйигача кириб бориш назарда тутилмаган. Шунчаки, дастур аввалида айтганимиздек, “салла дейилганида” яхшироқ кўриниш учун, топшириқларни ортиғи билан бажаряпмиз деб “очко” ишлаш учун калласи билан узиб келадиганларни деб бўляпти ҳаммаси.
Жорий йил 16 июлда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилганди. Унда 2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани, шу асосда барча соҳалардаги ислоҳотлар натижаси, аввало, маҳаллада ва одамларнинг кайфиятида намоён бўлиши кераклиги таъкидланганди.
“Бу йил Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” деган эзгу ғоя асосида кенг нишонланади. Энг улуғ, энг азиз байрамни маҳаллаларда кўтаринки руҳда ўтказиш учун “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” эълон қилинди”, деган президент.
Қолаверса, маҳаллада ободончилик ишларини ташкил этиш бўйича Бош вазир бошчилигида Республика штаби тузилиши, ҳудудий штабларга ҳокимлар раҳбарлик қилиши ҳам белгиланган эди. Бу ишлар бир ойлик акция эмас, балки йил бўйи ишлайдиган умуммиллий ҳаракатга айлантирилиши зарурлиги таъкидланганди.
“Меҳнатга яраша рағбат бўлиши учун йил якуни билан кўп қаватли уйлардаги “Энг ораста хонадон”, маҳалладаги “Энг файзли ҳовли”, ҳудуддаги “Энг обод кўча”, туман ва вилоятдаги “Энг намунали маҳалла” номинациялари жорий этилади. Танлов ғолиблари бўлган кўп қаватли уйлардаги квартиралар учун мол-мулк солиғидан, ҳовли-жойлар учун эса ер солиғидан имтиёз берилади. Яхши тажриба яратган “маҳалла еттилиги” мукофотланади, уларнинг иш услуби бошқа ҳудудларга намуна қилиб кўрсатилади”, деган Шавкат Мирзиёев.
Ўқидингиз-а? “Энг ораста хонадон”, “Энг обод кўча” дейилган. Ижобий жиҳатдан баҳолаш айтилган. Ҳудди Чиноз тумани ҳокими айтганидек “шармандали” ёки “уятли” эмас!
Маҳалла тушунчаси асрлардан бери шаклланган. Уни кучайтиришга бежизга эътибор қаратилмаяпти. Аммо вазифани тўғри тушунмай, унинг асл моҳиятини англамай қилинган ишлар маҳаллаларни Янги Ўзбекистоннинг янгича бошқарув услуби сифатида эмас, аксинча, жарима қўлловчи ва шахсий ҳаётгача дахл қилувчи тузилмадек кўрсатиб қўйиши аниқ.
Live
БарчасиУкраина Қримда дронлар парадини уюштирди
07 август