Қайнона келинига 32 марта пичоқ санчиб ўлдирди

3-саҳифа 20561
image
-

Сурхондарёда ўз келинини 32 марта пичоқлаб ўлдирган қайнона 13 йилу 4 ойга қамалди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, ушбу ҳодиса ўтган йилнинг 16 июль куни соат 10:00 лар атрофида Денов туманида содир бўлган. 

Б.Ҳ. ва З.С. исмли эр-хотин ўғлига бозордан ёзги пойабзал олиб берган. Улар уйга келганда, қайнона Ж.Ҳ. набирасига “Бу арзон оёқ кийимни нега кийиб юрибсан?” деган. Бунга жавобан келини пули камлиги учун шундай поябзал харид қилганини маълум қилган. Шу сабаб ўртада тортишув юзага келган.

Шу куни 15:00 ларда эса Ж.Ҳ.нинг иккинчи набираси ҳам унга акасиникидек оёқ кийим олиб беришларини сўраган. Аммо бувиси яна қаршилик қилган. Бу қайнона-келин ўртасидаги навбатдаги жанжалга сабаб бўлган.

Келин ўз хонасига кириб кетган. Қайнона жаҳл устида ошхонага кириб, сариқ ва қора дастали ошхона пичоқларини олган. У уч нафар набираси кўз олдида келинига 32 марта пичоқ санчган. Оқибатда келин олган оғир тан жароҳатлари сабабли воқеа жойида вафот этган. 

Мазкур ҳолат юзасидан қайнонага нисбатан суд ҳукми ўқилди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “ж” банди (ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш) билан айбдор деб топилиб, 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум қилинган.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1336
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×