Қайниука ҳомиладор келинойисини вахшийларча ўлдирди, аммо қамалмади

Жамият

image

Оиладаги муҳит, фарзанд тарбияси ота-онанинг ёки саодати, ёки мусибати. 1992 йилда туғилган ўғлининг қўрс, баджахл эканлигидан кўп куйган ота-онанинг дарди ичида эди. Акасини уйлантиришганда ўсмир йигитча бўлган Неъматнинг келинчакка бўлган қўполликларини “бўйдоқчилик”ка йўйишди. Аммо не-не ишлар ўтса ҳамки, болани бир текширтириб, руҳиятини даволатайликмикан, дея ўйлаб ҳам кўришмади. Алал оқибат...

Унинг можаролари биргина келинойи билан бўлмасди, аммо негадир алами ундан олинарди. Шу тариқа йиллар ҳам ўтди. Совуқ муносабатлар, жанжаллардан безиган ота-она бир нафар фарзандли бўлган, иккинчисига ҳомиладор келинларини (балки асраш учундир) ҳали битмаган уйга кўчириб қўйишди.

– Бу ёғини аста-аста битказиб оласизлар, -дейишди ўғилларига. – Биз ҳам тинчроқ ўтирайлик, болам. Укангни ҳам уйлантирармиз.

Албатта, барчага тинчлик-хотиржамлик ёқади. Аммо Неъматга бу ҳам маъқул келмади. У яна келинойиси билан кунда-кунора бориб “отишиб”, уришиб келар, онамни хизматини қилмадинг, дея тўполон кўтарарди.

Келин шўрлик нима қилишни ҳам билмай қолганди, ора-чора бориб қайнонасиникида хизмат қилар, бу ёқда янги уйнинг тупроққа беланган меҳнату машаққати бўшатмасди уни. Ўз келинойисига бўлган нафрат, ғараз Неъматнинг ниятини бузганди. У кузнинг совуққина бир кунида қўйнига пичоқ яшириб, акасининг уйига йўл олди. Кета туриб унга телефон қилиб, онасининг тоби қочгани, зудлик билан ўғилчасини олиб боришини тайинлади.

Ҳовлида кир чайиб ўтирган келинойисининг қўлидан судгаб уй ичига тортаркан, Неъмат ғараз ниятини яширмади. “Сени ўлдирмагунимча тинчимайман!”

Қўрқиб кетган аёл типирчилаб қайнисининг қўлидан чиқишга уринар, ялиниб-ёлворарди. Аммо Неъмат ожизлиги, ҳомиладорлигини била туриб унинг қорин соҳасига пичоқни санчиб олаверади. Ёрдам чақиришга уринган келинойисининг оғзини беркитиб, шафқатсизларча босиб олиб, кўкрак, бўйин, ҳаёти учун муҳим саналган, баданининг бошқа жойларига ўн беш маротаба пичоқ уриб, ўта оғир холатда жароҳат етказиб, уйдан чиқиб кетади.

Бўлғуси она, ёшгина аёл олган тан жароҳатлари, ички-ташқи қон кетиши оқибатида воқеа жойида вафот этади.

Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси руҳий касалликлар клиник шифохонаси хулосасига кўра Н. Зариповда “Бредового расстройства” (васвасага тушиш) касаллиги аниқланади. У ижтимоий хавфли қилмишни содир этган вақтида ўз ҳаракатларини идрок қила олмайдиган даражада руҳий носоғлом бўлган. Унга нисбатан Республика кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида интенсив назоратда, мажбурий тартибда даволаниш тавсия этилди.

Суд иш бўйича мутахассис ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, экспертиза хулосаси ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа далилларни ўрганиб чиқиб, Н. Зариповнинг одам ўлдиришда ифодаланган ижтимоий хавфли қилмишни ақли норасо холатда содир этган деб хисоблаб, унга нисбатан жиноят ишини тугатишни ҳамда тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси тайинлашни лозим топди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, инсон табиатининг кескин важоҳатли бўлиши, йиллар давомида ўзгармаслиги ҳар қандай ота-онани хушёр торттирмоғи лозим албатта. Шу маънода Неъматнинг оиласи ҳам бепарволикка берилишмаганда, болани ўз вақтида даволатиш имконини қилишганда эди... у икки яқини – келинойиси ҳамда ҳали туғилмаган жиянининг қотили бўлмаган, икки инсон бемаҳал ҳаётдан кўз юммаган бўларми эди?..

Демакки, фарзандлар тарбияси, камоли ва албатта саломатлиги йўлида яна ҳам зийракроқ ва масъулиятлироқ бўлмоғимиз шартки, зотан, юқоридаги каби холатни ҳеч биримиз хонадонимизда юз беришини истамаймиз, албатта.

Акромжон Арипов, Жиноят ишлари бўйича
Наманган вилоят суди Суд амалиётини
таҳлил қилиш бўлими бошлиғи.

 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Жиноят Қотиллик

Баҳолаганлар

335

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг