“Қаттиқ жавоб берамиз”. Саудия Ар-Риёд аэропортини ёпди ва ҳусийларни огоҳлантирди
Олам
−
16:58 1228 3 дақиқа
Кеча, 12 октябрь куни Саудия Арабистони Фуқаролик авиацияси бош бошқармаси Подшоҳ Холид номидаги халқаро аэропорт фаолиятини тўхтатиб туриш муддати узайтирилгани ҳақида эълон қилди, бироқ аниқ муддат бўйича маълумот бермади. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Форс кўрфази мамлакатларига парвозларни амалга оширувчи авиакомпаниялардан биридаги манбанинг сўзларига кўра, кеча, 12 октябрь куни Саудия авиация ҳукуматидан олинган билдиришномага асосан, аэропорт фаолияти Саудия Арабистонида иш ҳафтаси охиригача тўхтатиб турилади. Ар-Риёд метрополитенининг юқори лавозимли вакили ҳам AFP агентлигига маълум қилишича, ҳукумат аэропортга хизмат кўрсатувчи учта бекатга поездлар ҳаракатини вақтинча тўхтатган.
Саудия Арабистони Энергетика вазири Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи Ямандаги ҳусийлар ҳаракатининг подшоҳликдаги аэропортлар ҳамда нефть-газ объектларига уюштирган ҳалокатли ҳужумларига “жиддий” жавоб қайтаришни ваъда қилган.
“Сўнгги ҳафталардаги воқеалар жуда жиддий хусусиятга эга. Бизнинг жавобимиз ҳам шунга яраша жиддий бўлиши керак”, дейди шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ар-Риёдда ўтказилаётган WPC Бутунжаҳон энергетика конгрессида сўзлаган нутқида.
Ҳусийлар ушбу зарбаларни Яман ғарбидаги ўз назорати остида бўлган ҳудудларга уюштирилган “Саудиянинг шафқатсиз тажовузи”га жавоб эканини билдирган.
Ҳусийлар назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, жорий йилнинг 11 октябрь куни Саудия Арабистони томонидан Яман пойтахти Санодаги тураржой биносига берилган авиазарба оқибатида бир бола ҳалок бўлган, яна олти киши жароҳат олган.
Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Қизил денгиз соҳилларида ва Яманнинг бошқа ҳудудларида ҳусийларга қарши жанг олиб бораётган Яман ҳукуматпараст кучларини ҳаводан қўллаб-қувватлаб келмоқда.
WPC Бутунжаҳон энергетика конгресси жорий йилнинг 11 октябрь куни Ар-Риёд аэропортидан тахминан 10 км узоқликда жойлашган конгресс-марказида ўз ишини бошлаган. Ушбу аэропорт ўтган ҳафта давомида тўрт марта ҳужумга учраган.
Саудия ҳукуматининг маълумотларига кўра, ўтган куни мамлакат шимоли-шарқидаги Даммам шаҳрида жойлашган яна бир – Шоҳ Фаҳд номидаги халқаро аэропорт ҳам ҳужумга учраган. Бир неча соат ўтиб, Ямандаги саудияликлар бошчилигидаги коалиция кучлари ҳусийлар томонидан Саудия Арабистони жануби-ғарбидаги Хамис-Мушайт шаҳри томон учирилган дрон ва ракетани уриб туширгани ҳақида хабар тарқалди.
Эслатиб ўтамиз, 10 октябрь куни Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги халқаро аэропортга ҳужум қилган эди. Оқибатда камида 12 киши ҳалок бўлиб, яна 309 киши яраланган. Ҳужум оқибатида икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам енгил жароҳат олганди.
Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги Подшоҳ Холид халқаро аэропортига ҳусийлар томонидан уюштирилган ҳужумни қатъий қоралаган эди.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь