Қатарда икки норвегиялик журналист ҳибсга олинди
Спорт
−
24 Ноябрь 2021
3461Норвегия радиоэшиттириш корпорациясининг (НРК) икки журналисти Қатар мамлакатини тарк этаётган пайтда, ҳибсга олинган.
Холвор Эккеланд (мухбир) ва Локман Горбани (фотограф) 2022 йилги Жаҳон чемпионати иншоотлари қурилишида олиб борилган спорт сиёсати ва меҳнат муҳожирларининг яшаш шароитларини ёритиш мақсадида ташриф буюрган.
Норвегияликлар ишчилар, шунингдек, маҳаллий режимни танқид қилувчилардан бири билан суҳбатлашган. Бундан ташқари, улар ЖЧ-2022 учун масъул бўлган шахсдан интервью олишган.
Журналистлар жорий йилнинг 20 ноябридан 21 ноябрига ўтар кечаси ҳибсга олинган ва 23 ноябрда қўйиб юборилган. 32 соат давомида ҳибсда бўлган Эккеланд ва Горбани Норвегияга қайтиб келган. Улардан телефон, компьютер, фотоаппарат ва улар тасвирга олган кадрлар олиб қўйилган.
НРК бош директори Тор Гжермунд Эриксен вазият ҳақида фикр билдирди:
“Оммавий ахборот воситаларини дунёдаги энг йирик спорт тадбирларидан бирида эркин ва мустақил фаолият юритишларига тўсқинлик қилиб бўлмайди. Бу масалани FIFA билан ҳал қиламиз”.
Қатар расмийлари журналистлар хусусий мулкка ноқонуний кирганликлари ва ҳеч кимнинг рухсатисиз суратга олгани учун ҳибсга олинганини айтиб ўтган.
Маълумот учун, Норвегиянинг “Verdens Gang” нашри FIFA’дан вазият бўйича изоҳ сўрган, бироқ ҳеч қандай жавоб олмаган.
LiveБарчаси