Қассобнинг “кушхонага” ташрифи
Таҳлил
−
25 Июль
8497Нетаньяху Ғазодаги ваҳшийликлар ва дарё бўлиб оққан қонлар учун амалий ёрдам берган қария Жога ташаккур билдириб, инсониятга қарши кейинги жиноятлари учун ҳомийлик қилиши мумкин бўлган навбатдаги донори Трампнинг кўнглини овлаш учун АҚШга ташриф буюрди. Унинг қонга ботган оёқ излари шу ҳафтанинг бошида 22 июль куни Вашингтонга ташланди. Нетаньяхунинг сиёҳ қолиб қон билан ёзилган ташриф кун тартибидаги рўйхатида ҳозирча амалдаги Президент Жо Байден, вице-президент Камола Ҳаррис ва собиқ Президент Дональд Трамп билан учрашувлар ҳамда Конгресснинг қўшма мажлисидаги нутқи ўрин олган. Ушбу ташриф АҚШ сиёсий элитасидаги кескин ўзгаришлар ва Исроилнинг Фаластиндаги бегуноҳ қурбонлари сони 40 мингга яқинлашиши оқибатида яҳудий давлатининг глобал танқидларга учраши фонида юз берди. Исроилнинг “эркаликлари” дунёни жиғибийрон қилиши аста-секин ортиб бораётган бир пайтда бу учрашув Исроил томонидан Ғазода уюштирилаётган хунрезликларнинг кейинги тўлқини учун катта маънавий ва моддий қўллов бўлиб хизмат қилиши тайин. Шундай қилиб, бир сўз билан айтганда ваҳший қассоб кушхонада.
Виждонлиларнинг норозиликлари
Нетаньяхунинг келиши мамлакат пойтахтида норозилик намойишларига сабаб бўлди. Ташрифнинг иккинчи куни, яъни 23 июлда юзлаб намойишчилар Вакиллар палатаси аъзоларининг офислари жойлашган Cаннон биносида флешмоб тарзида норозилик намойиши ўтказди. Асли яҳудий бўлган ва сионистик режимга қаршилардан иборат “Тинчлик учун яҳудий овози” ҳаракати “Бизнинг номимиз билан эмас” деб ёзилган қизил футболкалар кийиб, бино ичида “Ғазо тирик бўлсин!” деган ёзувларни кўтарган ҳолда ҳайқирдилар. Бу қонхўр жаллодга қарши қилинган дастлабки норозилик намойишлари эканлиги тахмин қилинмоқда. “Al Jazeera” берган маълумотларга кўра, Нетаньяху АҚШга сафари мобайнида ҳали олдинда бир қанча намойишлар тўлқини билан юзлашиши кутилмоқда. Манбанинг ортда қолган душанба кунидаги хабарига кўра, минглаб намойишчилар Нетаньяхуни “ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятлар” учун ҳибсга олишни талаб қилиш учун Капитолий ташқарисида йиғилишлари кутилаётганди. Норозилик намойишларида гуруҳлар коалицияси иштирок этиши тахмин қилинган. Бундан ташқари, аёллар бошчилигидаги тинчлик ва инсон ҳуқуқлари гуруҳи CодеПинк Нетаньяхуга қарши ўз нафратларини кўрсатиши кутилмоқда. CодеПинкнинг “Reuters”га маълум қилишича, ташкилотчилар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига Вашингтонга бутун мамлакат бўйлаб штатлардан келиши учун алоҳида автобуслар ҳам ажратган.
Қотилни улуғлаган Конгресс
Нетаньяхунинг АҚШга ташрифи давомидаги энг асосий ишларидан бири Конгрессда чиқиш қилиши бўлди. Бу унинг ушбу даврадаги тўртинчи нутқи бўлиб, эндиликда Нетаньяху бу борада мутлақ рекордчига ҳам айланиб олди. Сабаби, бунгача Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Уинстон Черчилль Конгрессда уч марта нутқ сўзлаган.
Ташрифнинг энг аламли ҳамда тарих ва келажак томонидан кечирилмас лаҳзалари ҳам Нетаньяхунинг айнан АҚШ Конгрессидаги узоқ давом этган нутқининг бошида рўй берди. Салкам 40 минг бегуноҳ одамнинг ўлимига ва яна миллионлаб инсонларнинг турмуш тарзини жаҳаннамга айланишига сабабчи бўлган Нетаньяху Конгрессдагилар томонидан гулдурос қарсаклар садоси остида кутиб олинди. Кўп қутбли дунё тартиби шиддат билан шаклланаётган ва дунё устидан бошқарув улуши жуда катта тезликда камайиб бораётган Қўшма Штатлар учун бу чинакам шармандали ҳолат эди. Конгрессменлар нафақат нутқнинг бошида, балки ўрталарида ҳам Нетаньяхуни қарсаклар билан қўллаб-қувватлашди. У томонидан Эронга қарши қарата айтилган сўзлар пайтида эса қарсаклар ва ҳайқириқлар янада кучайди.
Нетаньяху Конгрессдаги нутқи давомида асосий нишонни Эрон, ҲАМАС ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган бир нечта ҳаракатларга қаратди. У Теҳрондаги ҳукмрон режимни Яқин Шарқ ва бутун дунё хавфсизлигига асосий таҳдид деб атади ва АҚШга Эрон таҳдидига қарши туриш учун ўз мамлакати билан ҳарбий иттифоқ тузишни таклиф қилди. Шу ўринда, Бош вазир Конгресс ташқарисида унга қарши ҳақли намойишларга чиққан инсонларни танқид остига олиб, уларни Эрон ноғорасига ўйнаётган аҳмоқлар деб атади. Америкаликлар томонидан улар учун вакил қилиб сайланган конгрессменлар эса бу асоссиз сўзларга ҳам ўз қарсакларини аямади.
Нетаньяху ўзининг жирканч нутқини давом эттирар экан, яна бир қанча масалаларга ҳам тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бугун Яқин Шарқда цивилизациялар тўқнашуви содир бўляпти. Нетаньяху бу жараёнда Вашингтонни Исроилга Ғазо секторидаги ҲАМАС гуруҳини тезда мағлуб этиши учун ҳарбий ёрдам етказиб беришни тезлаштиришга чақирди. Геноцидда айбланган Исроил Бош вазири яҳудийларнинг душманлари АҚШнинг ҳам душмани эканлиги ва Исроилнинг ғалабаси Оқ уйнинг ҳам муваффақияти эканлигини таъкидлади. Ҳа, Исроилнинг жиноятлари ва ғайриинсоний ваҳшийликлари Американинг ҳам жинояти ва шармандалигидир.
Тилидан бол эмас, қон томаётган Нетаньяху Конгрессдаги чиқиши давомида дунё мусулмонларига маънавий жароҳат етказадиган сўзларни ҳам айтиб ўтди. У Қуддус эндиликда Исроилнинг абадий пойтахти ва у ҳеч қачон ҳеч кимга берилмаслигини очиқ-ойдин таъкидлади.
Кун қаҳрамони
Конгрессдаги ҳолат жуда расво ва ақлга сиғмас даражага чиқди десак муболаға қилмаган бўламиз. Аммо бу балчиқ манзарада ягона қувонарли ҳодиса рўй берди. Бир тўда виждонсизлар даврасида инсонийликни унутмаган ягона инсон ҳам топилди. Сариқ чақага арзимас ҳар бир сўзи йиғилганларнинг қўл панжалари орасида қўллаб-қувватланган Нетаньяхуга бутун Конгресс ичида биргина АҚШ қонунчиси Рашида Тлаиб қаршилик кўрсатди, холос. У Нетаньяхунинг Конгрессдаги нутқи вақтида “ҳарбий жиноятчи” деган ёзувни кўтариб турди. Рашида нутқ якунида Нетаньяхуни олқишлаган конгрессменлардан фарқли ўлароқ, ўрнидан қўзғалмади ва ўз норозилигини шу ҳаракати орқали яна бир бор кўрсатди. Рашида Ҳарби Тлаиб 1976 йил 24 июлда туғилган, этник фаластинлик бўлган америкалик сиёсатчи ва ҳуқуқшунос. 47 ёшли демократ сиёсатчи ва ҳуқуқшунос ҳозирда АҚШ Конгрессида Мичиган штатининг 12-округи вакили сифатида ишлайди. У Конгрессдаги фаластинлик биринчи аёл ва Илҳан Уммон билан бирга Конгрессга сайланган биринчи икки мусулмон аёлдан бири. У Детройтда фаластинлик ишчи муҳожирлар оиласида туғилган. Маълумотларга қараганда, унинг ҳалигача Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий Соҳилда оиласи бор.
Фаластинликлар учун рўшнолик йўқ
Нетаньяху ташрифи давомида учрашиши режалаштирилган шахслар рўйхатида АҚШнинг собиқ ва катта эҳтимол билан навбатдаги Президенти сифатида кўрилаётган Дональд Трамп ҳам мавжуд. Хабарларга кўра, улар 26 июль куни Флорида штатидаги Палм-Бич курортида учрашиши кутилмоқда. Ўз навбатида, Трамп ҳам Нетаньяхуни кўзи тўрт бўлиб кутаётгани маълум бўлди. У ўзи томонидан асос солинган Truth Social платформасида Нетаньяхунинг тахаллусини келтирган ҳолда “Биби Нетаньяхуни Флорида штатидаги Палм-Бичдаги Мар-а-Лагода қарши олишни интиқлик билан кутмоқдаман”, деб ёзди. Икки сиёсатчи ўртасидаги бундай илиқ муносабат Фаластин учун оғриқли сигналдир. Бундан ташқари, Трамп Исроил пойтахтини Қуддусга кўчирганини тан олиб, ўз элчихонасини Қуддусда очган биринчи давлат раҳбари ҳисобланади. Юқорида келтирган етарлича факторларнинг умумий хулосаси фаластинликлар учун яқин орада АҚШ томонидан ижобий янгилик бўлмаслигига ишора қилади. Трамп Оқ уйга қайтган тақдирда Исроилни катта эҳтимол билан Байдендан кам қўллаб-қувватламайди. У Президент этиб сайланса, Фаластиндаги можарони зудлик билан ҳал қилишини ваъда қилган. Аммо исроилпараст Трамп томонидан амалга ошириладиган бу келишув Фаластин манфаатларига мос келиши даргумон.
LiveБарчаси