Қашқадарёда севган қизининг уйига борган йигит пичоқланди
3-саҳифа
−
03 Февраль 2021
20223Жорий йилнинг 30 январь куни Қашқадарё вилоятида севган қизи билан гаплашиб олиш учун унинг уйига борган йигит, қизнинг укаси томонидан пичоқланди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди.
Соат 22:00 ларда 22 ёшли Жавоҳир Ю. маст ҳолатда севган қизи билан гаплашиб олиш мақсадида, Косон тумани “Некўз” МФЙ Тайзан қишлоғига таниши Адҳам А. билан биргаликда борган. Улар қизнинг уйига девордан ошиш йўли билан кирган вақтларида, қизнинг укаси 20 ёшли Бунёд С. ҳовлида одам шарпасини сезиб, ошхонадан рўзғор пичоғини олиб чиққан. Бунёд С.ни кўрган Адҳам А. ҳовлининг деворидан ошиб тушиб қочиб кетган.
Ҳовлининг бурчагида қолиб кетган Жавоҳир Ю. эса совчиларига нима сабабдан рад жавобини берганликларини айтиб, қизнинг укаси билан ўзаро оғзаки тортишиб қолган ва натижада Бунёд С. қўлида бўлган ошхона пичоғи билан Жавоҳир Ю.нинг қорин соҳасига уриб тан жароҳати етказган.
Натижада Бунёд С.нинг оила аъзолари Жавоҳир Ю.га биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, Қарши шаҳрида жойлашган Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиалига тез тиббий ёрдам машинасида олиб боришган, кўрсатилган бирламчи тиббий ёрдамга қарамасдан Жавоҳир Ю. олган оғир тан жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Косон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Бунёд С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “Д” банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов жараёнида, Бунёд С. айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.