Қашқадарёда карантин чекловлари юмшатиляпти
Жамият
−
01 Август 2020
16149Қашқадарё вилоятида коронавирус сабаб ўрнатилган карантин чекловлари юкшатиляпти. Вилоятда коронавирус инфекциясининг тарқалишни олдини олиш, пандемиянинг таъсирини юмшатиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш комиссиясининг 2020 йил 25 июлдаги 293-сонли йиғилиш баёни билан жорий қилинган чекловларга 3 августдан бошлаб бир қатор ўзгаришлар киритилди.
Жумладан:
• автотранспорт воситаларида махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишга, шунингдек, Қарши шаҳрига кириш-чиқишга фақатгина куннинг муайян вақтида (07:00 дан – 10:00 гача, 18:00 дан – 21:00 гача) тегишли ҳудуд доирасида фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланишига рухсат берилади;
• йўналишсиз таксилар сони бугунги кунга нисбатан 2 баробарга кўпайтирилади ва бутун сутка давомида ҳараткатланишига рухсат берилади;
• бунда автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши давомида сантария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш талаб этилади.
Вилоят махсус комиссияси қарорида келтирилган чекловлар махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларига ҳамда Республика махсус комиссиясининг жорий йил 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган айрим тоифадаги автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Яъни, махсус рухсатнома (стикер), айрим тоифадаги автотранспорт воситалари, “яшил йўлак” тизими, Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари автомашиналари ва вилоят ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқариш, тадбиркорлик ҳамда саноатни ривожлантириш бўйича тасдиқланган автотранспорт воситалари рўйхат асосида ҳаракатланиши мумкин.
Маълумот учун, Қашқадарёда 1 август соат 10:00 ҳолатига 711 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг 485 нафари соғайган. 4 нафар бемор вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, 27 июль куни Қарши шаҳри карантинга ёпилиб, вилоятда карантин чекловлари қатъийлаштирилганди.
LiveБарчаси