Қашқадарёда эркак ЙПХ ходимига калла қўйди (видео)
3-саҳифа
−
15 Апрель 19671 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Қашақадарё вилояти Ғузор туманида Cobalt ҳайдовчиси ва йўл-патруль хизмати ходимлари ўртасида жанжал юзага келгани ҳақида видеолар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, кеча, 14 апрель куни Қашқадарё вилояти ҳудудидан ўтган А-380 автомобиль йўлининг 2-километрида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими унга нотаниш бўлган Cobalt автомобили “тўхташ ва тўхтаб туриш тақиқланади” йўл белгиси таъсир доирасида қолдириб кетилганини кўрган ва автомобиль ҳайдовчининг шахсини аниқлаш мақсадида атрофдаги ҳайдовчилардан у ҳақда сўраган.
Бироз вақтдан сўнг ҳайдовчи келган ва машинасининг эшикларини очиб, уни ҳаракатга келтирган. Шундан сўнг ЙПХ ходими ҳайдовчига ҳужжатларини тақдим қилишини ва ушбу жойга машина қўйиш мумкин эмаслигини айтган. Лекин ҳайдовчи машинасини орқага ҳайдаган ва ЙПХ ходимининг қонуний талабини бажармасдан фаол қаршилик кўрсатган.
“Ҳайдовчини тинчлантиришга уриндик ва қонуний талабга бўйсуниши ҳақида огоҳлантирдик”, дейди ЙПХ ходими.
Маълум қилинишича, жанжалдан сўнг мазкур шахснинг машинаси жарима майдончасига қўйилган.
“ЙПХ ходимларига бўйсунмай қочишга ҳаракат қилдим. Машинадан тушириб олишгани сабабли жахлим чиқиб, жанжаллашиб кетдим. Омма олдида кечирим сўрайман. Қайтиб бу иш такрорланмайди”, дейди ҳайдовчи.
Билдирилишича, мазкур ҳолатда Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган. Жиноят иши бўйича Ғузор тумани прократураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида юқори тезликда ҳаракатланган Malibu ҳайдовчиси ЙПХ ходимини “капот” устида судраб кетган эди. Оқибатда ЙПХ ходимига олган тан жароҳати сабабли шифокорлар томонидан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳолат юзасидан Миробод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноий иш қўзғатилган.