Қашқадарёда арчалари кесиб кетилган ўрмон қўриқчиси жазоланди

3-саҳифа

image

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Дуоб ўрмон бўлими ҳудудида жами 104 дона Зарафшон арча дарахтлари таг қисмидан кесиб кетилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Дуоб ўрмон бўлими 4 сарҳад ҳудудида фуқаро К.M. томонидан 3 дона Зарафшон арча дарахтлари таг қисмидан ўсишдан тўхташ даражасида кесиб ташлангани аниқланган. Ушбу фуқарога табиатга зарар етказганлиги учун 51 миллион 810 минг сўм жарима қўлланилган. Шунингдек, Дуоб ўрмон бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган З.Б. ҳамда 4 сарҳад ўрмон қўриқчиси вазифасида ишлаган Ҳ.Э.га ўз лавозим вазифасига лоқайдлик билан қарагани учун маъмурий жарима қўлланилган. 

Бундан ташқари, шу ҳудудда Зарафшон арча дарахтларининг 38 донаси номаълум шахслар томонидан таг қисмидан ва  ён шохлари кесилгани  аниқланган. Ушбу ҳодисага бефарқлик қилгани учун ўрмон қўриқчиси Ҳ.Э.га 94 миллион 387 минг 500 сўм такрорий маъмурий жарима қўлланилган.

Қолаверса, Дуоб ўрмон бўлими 3 сарҳад ҳудудида ҳам номаълум шахслар томонидан ноқонуний равишда 6 дона Зарафшон арча дарахтлари ўсишдан тўхташ даражасида таг қисмидан ва ўсишдан тўхтамаслик даражасида кесиб кетилганлиги аниқланган. Ҳудудий ўрмон қўриқчиси Р.Б.га нисбатан маъмурий чора қўлланилган.

Шунингдек, айнан мазкур ҳудудда фуқаро Ҳ.А. томонидан 8 дона (зарар миқдори  25 миллион 387 минг 500 сўм) Зарафшон арчаси таг қисмидан ва ён шохлари кесилаётганлиги аниқланган ва маъмурий жарима қўлланилиб, ҳужжатлар фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судига юборилган.

Шу билан бирга, номаълум шахслар томонидан ноқонуний равишда 49 дона Зарафшон арча дарахти ўсишдан тўхташ даражасида, таг қисмидан ва ён шохлари ўсишдан тўхтамаслик даражасида кесиб кетилган. Натижада ўрмон хўжалигига 176 миллион 587 минг 500 сўм зарар етказилган ва зарарни ундириш учун ҳужжатлар Деҳқонобод туман прокуратурасига ўтказилган. 

“Дуоб ўрмон бўлими ҳудудида жами 104 дона Зарафшон арча дарахти таг қисмидан кесилган ва ўсишдан тўхтамас даражада шикастлантирилган.  Ҳолатлар юзасидан ўз вазифасига совуққонлик билан ёндашган масъул шахсларга, ҳуқуқбузарларга нисбатан чора белгилаш масалалари кўриб чиқилмоқда”, дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилояти Дўстлик туманида фуқаро 13 туп тут дарахти кесиб, табиатга 738 миллион 750 минг сўм зарар етказгани аниқланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё ўрмон арча дарахтлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг