Қарийб 5 млрд сўмлик газ ва “свет”ни ўғирлаган “заправка”лар аниқланди
3-саҳифа
−
17 Октябрь
4728Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида 4,8 млрд сўмлик энергия ресурсларини ўғирлаган автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Юнусобод тумани бўлими томонидан “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда “B.” МЧЖ раҳбари Т.А. ва бошқалар МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида ўрнатилган газ ҳисоблагичга ташқи таъсир ўтказиб, жами 1,5 млн куб метр табиий газни ўғирлаб, давлат ва жамият манфаатларига 2,7 млрд сўм зарар етказгани аниқланган.
Шу каби, департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан “Ўзэнергоинспекция” ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда “M.G.” МЧЖ раҳбари С.Р. Пастдарғом туманидаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида ўрнатилган электр ҳисоблагичнинг уланиш схемасини ўзгартириб, тижорат мақсадида 2,1 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразмда 2 млрд сўмлик “свет”ни ўғирлаган фермер ушланганди.