Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди: Қодиров Москвадаги мусулмонлар митингини қоралаб чиқди
Олам
−
22 Июль 2023
18403Аввалроқ Россиянинг Москва вилояти Котельники ва Дзержинск ҳудудларида масжидларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан рейдлар ўтказилгани ва бунга жавобан мамлакат пойтахтида кеча, 21 июль куни ўнлаб мусулмонлар стихияли намойишлар ўтказгани ҳақида хабар берган эдик. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров рухсатсиз ўтказилган мазкур намойишларни қоралаб чиқди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзди.
Қодировнинг айтишича, у бундай стихияли ташаббусларни, гарчи улар яхши мақсадда қилинган бўлса ҳам қўлламайди. У бундай чиқишлар мавжуд қонунларни бузиши билан бир қатор салбий оқибатларни олиб келишини ҳам таъкидлаган. Чеченистон раҳбари бу ҳолатни доимгидек Ғарб билан боғлаган. Унинг айтишича, ғалаёнларни қўзғаш учун пул тўлайдиган шахслар мавжуд бўлиб, “Ғарб томонидан молиялаштирилувчи агентлар” мамлакатдаги тартибсизликлардан фойдаланиб қолиши мумкин.
“Дарҳол айтаманки, мен бундай стихияли ташаббусларни, гарчи улар яхши мақсадда қилинган бўлса ҳам, қўллаб-қувватламайман. Қонунларни бузиши билан бирга, рухсат этилмаган митинглар салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Ҳар доим ғалаёнларни қўзғатиш учун ҳамма нарсани қиладиган ёлланма ғалаёнчилар бўлади. Ҳақиқатан ҳам бор бўлса, ҳайрон бўлмайман. Бу ҳам Ғарб томонидан молиялаштириладиган хорижий агентлар томонидан мавзуни сунъий равишда бўрттириб юбориш учун баҳона бўлади”, дейди Қодиров.
Шунингдек, у намойишлар маданиятли ва уюшган тарзда амалга оширилиши кераклигини урғулаган ҳамда провокацияларга берилиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
“Ҳа, фикр билдириш мумкин ва керак. Лекин буни маданиятли тарзда, уюшқоқлик билан амалга ошириш керак, токи ҳуқуқ-тартибот идоралари эмас, манфаатдор органлар бунга эътибор қаратсин. Акс ҳолда, турли провокацияларга ноқонуний усуллар билан жавоб қайтарсангиз, хавфли доирага тушиб қоласиз. Россия кўп миллатли ва кўп конфессияли давлат бўлиб, у ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи умумеътироф этилган ҳужжатга асосланган. Россия Федерацияси қонунида белгиланган митингларни ўтказиш қоидалари ва тартиблари мавжуд. Агар буни амалга оширсак, кутилганидек, ҳокимиятни олдиндан хабардор қилиш ва тегишли рухсат олиш керак. Акс ҳолда, биз муаммони янада кучайтирамиз ва соғлом мулоқот орқали ечим топишга йўл қўймаймиз”, деб ёзади Қодиров.
Маълумот учун, жорий йилнинг 20 июль куни ижтимоий тармоқларда Москвадаги тарихий масжидга намойиш учун йиғилишга чақириқлар пайдо бўлган. Бундан аввал, жорий йилнинг 7 июль куни ОМОН ходимлари Котелникдаги масжидга намоз вақтида бостириб кирган ва намозхонларга қарата ўт ўчирувчилар пуркагичи ёрдамида сув сепган. Рейддан мақсад ноқонуний мигрантларни қидириш бўлгани айтилмоқда. Воқеадан сўнг бир гуруҳ мусулмонлар Путинга мурожаат йўллаб, норозилигини билдирган.
Бундан бир ҳафта ўтиб эса, 14 июль куни Москва вилоятининг Дзжержинск ҳудудида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари намозхонларнинг ҳужжатларини текшириш мақсадида кўп қаватли уйда ташкил этилган намозхонага келиб, ибодатни бузган. Шунингдек, улар масжид ичига оёқ кийимларини ечмай киргани ортидан кичик жанжал юзага келган.
Юқоридаги икки ҳолатга нисбатан Доғистон ва Чеченистон раҳбарлари Сергей Меликов ва Рамзан Қодиров муносабат билдириб, масжидларда уюштирилган рейдларни қоралаган.
Кечаги митинг эса ўша воқеаларга қарши ўтказилган. Намойишлардан аввал Москва тарихий масжидида хавфсизлик чоралари кучайтирилган, воқеа жойида полиция ва Росгвардия ходимлари навбатчилик қилган. Транспорт департаменти эса Москва мусулмонлари “рухсатсиз норозилик митинги”га чақирилгани сабабли такси хизматидан ходимлар билан тушунтириш ишларини кучайтиришни сўраган.
LiveБарчаси