Москвада масжидларга қилинган рейд ортидан митинг ўтказилди

Олам

image

Россиянинг Москва шаҳрида юзлаб одамлар полициянинг масжидларга бостириб киришига қарши намойишга чиқди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар берди.

Қайд этилишича, Россиянинг турли ҳудудларидаги масжидларда хавфсизлик кучлари ўтказган рейдлар туфайли кўплаб одамлар бугун, 21 июль куни тушдан сўнг намойишга чиққан. Улар Москванинг Замоскворечье тумани Большая Татарская кўчаси бўйлаб тарихий масжид ёнидан “Третяков” метро бекатига қадар ҳаракатланган. Полициянинг намойишчиларни ҳибсга олгани ҳақида маълумот йўқ.

Маълумотларга кўра, кеча, 20 июль куни ижтимоий тармоқларда Москвадаги шу масжидга намойиш учун йиғилишга чақириқлар пайдо бўлган. Бундан аввал, жорий йилнинг 7 июль куни ОМОН ходимлари Котельник шаҳридаги масжидга намоз вақтида бостириб кирган ва намозхонларга қарата ўт ўчирувчилар пуркагичи ёрдамида сув сепган. Рейддан мақсад ноқонуний мигрантларни қидириш бўлгани айтилмоқда. Воқеадан сўнг бир гуруҳ фуқаролар Путинга мурожаат йўллаб, норозилигини билдирган.

Бундан бир ҳафта ўтиб эса, 14 июль куни Москва вилоятининг Жержинск шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳужжатларни текшириш важи билан масжидга келиб, ибодатни бузган. Шунингдек, улар масжид ичига оёқ кийимларини ечмай киргани ортидан кичик жанжал юзага келган.

Юқоридаги икки ҳолатга нисбатан Доғистон ва Чеченистон раҳбарлари Сергей Меликов ва Рамзан Қодиров муносабат билдириб, масжидларда уюштирилган рейдларни қоралаган.

Бугунги митинг эса ўша воқеаларга қарши ўтказилган. Намойишлардан аввал Москва тарихий масжидида хавфсизлик чоралари кучайтирилган, воқеа жойида полиция ва Росгвардия ходимлари навбатчилик қилган. Транспорт депортаменти эса фуқаролар “рухсатсиз норозилик митинги”га чақирилгани сабабли такси хизматидан ходимлар билан тушунтириш ишларини кучайтиришни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, 19 июль куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтган “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” олий даражадаги биринчи саммитида иштирок этган Шавкат Мирзиёев саммит иштирокчиларини дунёда кузатилаётган исломофобия ҳолатлари билан биргаликда курашишга ва бу борада Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида амалий қадамлар қўйишга чақирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Москва масжид рейд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made