Қамоқ. Эрдўғаннинг тақдири Имомўғлида такрорланяпти

Таҳлил

Ҳибсга олиниши ортидан оммавий норозиликлар келиб чиққан туркиялик сиёсатчи ва айни пайтда Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий рақиби сифатида кўрилаётган Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли сўнгги кунларда дунё оммавий ахборот воситалари қаҳрамони бўлиб турибди. Кўпгина таҳлилчилар икки рақибнинг карьерасида бир қанча ўхшашликлар борлигини таъкидлайди. Имомўғлини Эрдўған изидан бормоқда дейиш ҳам мумкин, фақат бу ғоялар бошқача бўлгани ҳолда сиёсат зинапояларидан кўтарилишда кўринади. Масалан, иккиси ҳам Қора денгиз бўйларида улғайган, диний таълим олган ва жонкуяр футболчи бўлган ҳамда сиёсатдаги муҳим позициялари Истанбулга ҳокимлик даврида шаклланган. Энг қизиғи, ҳар иккиси ҳам бакалаврлик дипломлари билан боғлиқ можароларга дуч келган. Лекин бугун ҳолатнинг бошқа томони – иккисининг ҳам ҳокимлик даврида ҳибсга олинишидаги тафсилотларини жамлаштирамиз.

Истанбул ҳокимлиги ва қамоқ

Эрдўған. У 1994 йили сайловларда ютиб чиқиб, Истанбулнинг илк исломчи ҳокимига айланди ва шундан бошлаб ушбу йирик шаҳарнинг муаммоларига ечим топа бошлади. Жумладан, узоқ вақтдан бери ҳал қилиниши кутилган ичимлик суви муаммосини бартараф қилиш учун юзлаб километрлик ичимлик суви қувурлари ётқизилди. Чиқиндиларни қайта ишлаш учун йирик ва замонавий корхоналар ишга туширилди. Истанбулни 2 миллиард доллар қарздорлик билан қабул қилган Эрдўған кейинчалик 4 миллиард долларлик сармояга эришади.

Эрдўған амалга оширган ислоҳотлар унинг обрўйини ошириб борарди. Натижада 1995 йил унинг партияси “Рефаҳ” (Фаровонлик) парламентда энг кўп ўринни қўлга киритди. Шу тариқа, Нажмиддин Эрбақон мамлакат тарихидаги биринчи исломчи Бош вазирга айланди. У Туркиянинг сиёсатини Ғарбга тақлид деб атади ҳамда бутун дунё бўйлаб мусулмонлар бирдамлиги кампаниясини эълон қилди. Эрбақон амалга ошираётган ишлар мамлакат армияси томонидан дунёвийликка таҳдид сифатида кўрилди ҳамда Миллий хавфсизлик кенгашининг 1997 йил 28 февралда ўтган йиғилишида ҳукумат дунёвий қонунларни амалга оширишга чақирилди. Хусусан, 8 йиллик узлуксиз таълим, диний мактаблар текширилиши ва Миллий таълим вазирлигига ўтказилиши лозимлиги, Қуръон курслари назорат қилиниши каби қарорлар шулар жумласидан.

Нажмиддин Эрбақон ушбу талаблар юмшатилсагина уларни қабул қилишга рози бўлишини маълум қилди. Шундан сўнг Эрбақон коалиция келишувига биноан 1997 йилнинг 18 июнида ҳукумат раҳбарлигини “Тўғри йўл” партияси раҳбари Тансу Чиллерга топшириб, истеъфога чиқди. Бироқ 19 июнь куни вазият ўзгарди. Ўша вақтдаги президент Сулаймон Демирель “Она Ватан” партияси раҳбари Масъуд Йилмазга ҳукумат тузиш вазифасини топширди. Ушбу воқеа Туркия тарихида “сокин тўнтариш” деб аталади. Кейинроқ, 1997 йилнинг 21 май куни апелляция Олий суди Бош прокурори Вурал Саваш “Фаровонлик” партиясига қарши “дунёвийлик тамойилининг бузилиши” бўйича иш очди ҳамда 1998 йил 16 январда партия фаолиятини тугатиш ва активларини давлат ғазнасига топшириш тўғрисида ҳукм чиқарилди. Эрбақон ва унинг 5 нафар маслакдоши 5 йилга сиёсий фаолиятдан четлатилди.

Эрбақоннинг вориси сифатида унинг ишларини давом эттириши кутилган Эрдўған 1997 йил 6 декабрь куни Туркиянинг шарқий қисмидаги Сиирт вилоятида 5 минг киши қаршисида нутқ сўзлайди. Ўз нутқида у Туркияда фикр ва эътиқод эркинлиги йўқлигини ҳамда ирқий камситишлар мавжудлигини таъкидлайди:

“Туркияда фикр эркинлиги йўқ ва ирқий камситиш амалга оширилмоқда. Бизнинг дастуруламалимиз Исломдир. Улар бизни ҳеч қачон енголмайдилар. Ҳатто, Ғарб аҳолиси ҳам эътиқод эркинлигига эга. Нега бу Туркияда ҳурмат қилинмайди? Биз, албатта, Туркияда ирқий сегрегацияга чек қўямиз. Чунки “Фаровонлик” партияси бошқа партиялар билан қарама-қарши фикрга эга. Агар осмон ва ер ёрилса, тошқинлар ва вулқонлар устимизга отилса ҳам биз йўлимиздан юз ўгирмаймиз. Менинг дастуруламалим Исломдир”.

Эрдўған сафар давомида Сиирт бригада генерали Содиқ Эржан билан ҳам учрашиши керак эди. Бироқ генерал уни қабул қилишни истамайди. Ушбу ҳолат ҳам исломчилар ҳамда армия ўртасидаги кескинликнинг ифодаси эди. Эрдўған Сииртдаги нутқи давомида Зиё Гўкалпнинг 1912 йил Болқон уруши вақтида ёзилган ва 1913 йилда “Halka Doğru” журналида босилиб чиққан “Аскар дуоси” шеърининг баъзи мисраларини ўзгартирган ҳолда ўқийди:

Миноралар – найза, гумбаз – дубулға,

Масжидлар – қалъа, мўминлар – аскар.

Бу илоҳий лашкар динимни кутар

Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар!

Шеърдан сўнг у:

“Ҳар бир даврнинг фиръавнлари ва Намрутлари бордир. Бироқ уларнинг қаршисига чиқадиган Мусо ва Иброҳимлар тўсиқларни енгиб, йўлларни тозалайдилар”, дейди.

1997 йил 7 декабрда унинг шу сўзлари учун “ирқ, дин ва мазҳаблар ўртасида нафрат қўзғаш” бўйича жиноий иш очилади. Қизиғи шундаки, бу шеър мамлакат Миллий таълим вазирлиги ўқитувчилар ва ўрта мактаб ўқувчилари учун тавсия этган “Турк ва Туркийлик” номли китобга киритилган эди. Шунга қарамай, у 1998 йил 21 апрелда 1 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, 860 минг турк лираси миқдорида жаримага тортилган. Тўрт ойлик қамоқдан сўнг, апелляция суди қарорни ўзгартириб, Эрдўғанни озод қилди.

Озодликка чиққач, Эрдўған 2001 йилда “Адолат ва тараққиёт” партиясига асос солади ва 2002 йилдаги сайловлардаёқ бу партия Туркия Буюк Миллат Мажлисидаги ўринларнинг учдан икки қисмини эгаллайди.

2003 йилда Бош вазир, 2014 йилда эса Туркиянинг халқ томонидан сайланган биринчи Президентига айланди. У 20 йилдан ошиқ “ҳукмронлиги” давомида катта йўлни босиб ўтди. Эрдўған 2016 йилги давлат тўнтаришидан ҳам “омон” қолди. Бироқ энди у фаолияти давомидаги энг жиддий синовларга дуч келмоқда. Ноанъанавий иқтисодий сиёсат оқибатида юзага келган шиддатли инфляция ва 2023 йилнинг февраль ойида 50 мингдан ортиқ одамнинг ўлимига олиб келган ҳалокатли зилзилалардан кейин Эрдўғаннинг курсисини сезиларли даражада қимирлаб қолган дейиш мумкин. Европа Иттифоқи ва АҚШ билан муносабатлардаги бирмунча “қайсар” сиёсати ҳам Ғарбда унинг ҳокимиятдан кетишига истакларни кучайтириб юборди.

Имомўғли. Жумҳурият халқ партияси (ЖХП)нинг фаол вакили ўлароқ сўнгги 3 та маҳаллий сайловларда ҳукмрон партия номзодлари устидан кетма-кет ғалаба қозониб келаётган 55 ёшли Экрем Имомўғли 19 март куни бир неча жиноятларда айбланиб, юзлаб тарафдор ҳамда ёрдамчилари билан бирга ҳибсга олинди. Эътиборлиси шуки, мазкур “операция” ЖХП 23 март куни келгусидаги 2028 йилги президентлик сайловларига партия номзодини тасдиқлаш учун ички сайлов ўтказишни режалаштираётган ва очиқ хабарларга кўра, Имомўғли мана шу номзод ўлароқ кутилаётган бир пайтда содир бўлди. Бу ЖХП етакчиси Ўзғур Ўзел ва бошқа тарафдорлар томонидан Эрдўғаннинг ўз рақибини майдондан олиб ташлаш ҳаракати дея баҳоланмоқда.

Имомўғли ҳибсга олинганидан кўп ўтмай, Адлия вазири Йилмаз Тунч Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди. Бири терроризм, иккинчиси эса уюшган жиноятлар. Терроризмга оид жиноятларни тергов қилиш бўйича бюро томонидан олиб борилаётган тергов доирасида 7 кишига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Ушбу терговда гумонланувчилар террорчилик ташкилотига ёрдам бериш жиноятини содир этганликлари иддао қилинмоқда. Бу террорчилик ташкилоти эса Туркияга узоқ йиллардан буён хавф туғдирадиган Курдистон ишчи партияси террорчи ташкилотидир. Шунингдек, Уюшган жиноятларни тергов қилиш бюроси томонидан ҳам тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу тергов доирасида эса 100 нафар гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Улар жиноий уюшма таркибида порахўрлик, товламачилик, кимошди савдоларида тил бириктириш, фирибгарлик, шахсий маълумотларни қонунга хилоф равишда эгаллаш каби жиноятларни содир этганликлари айтилмоқда. Шундай қилиб, иккала тергов бўйича жами 106 нафар гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд. Хўш, терроризм бўйича 7 киши, уюшган жиноятчилик бўйича 100 киши қўлга олинди. Аммо жами гумондорлар 107 эмас, 106 нафарни ташкил қилади. Ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Чунки Истанбул ҳокими юқорида қайд этилган иккала терговда, яъни терроризмда ҳам, уюшган жиноятчиликда ҳам гумонланмоқда. У бу борада 106 киши ичида ягона.

Эрдўған ўзининг қатъий сиёсатини олиб бораётган бир пайтда Имомўғлининг ҳам ўз позициясидан чекинмаётганини кўриш мумкин. Ҳар икки сиёсатчи бир-бирига нисбатан кескин қарама-қарши ғояларни илгари сурар экан, вазият кескин тус олмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған қамоқ Экрем Имомўғли Истанбул ҳокимлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг