Қаллибек Камолов вафот этди
Жамият
−
15:39 4880 1 дақиқа
Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Қорақалпоғистон (автоном Республикаси) қўмитасининг биринчи котиби Қаллибек Камалов вафот этди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Маълумот учун, Қаллибек Камолов 1926 йил 18 мартда туғилган. 1947 йилда Қорақалпоғистон ўқитувчилар институтини тамомлаган. Олий ўқув юртини тугатгунга қадар ўқитувчи бўлиб ишлаган, кейин комсомол ишига юборилган. Турли йилларда Қорақалпоғистон АССР Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Нукус шаҳар ижроия қўмитаси раиси, коммунал хўжалиги вазири, республика автомобиль транспорти ва автомобиль йўллари вазири бўлган.
У 1958−1959 йилларда Ўзбекистон Компартияси Қорақалпоғистон вилоят қўмитаси котиби, 1959−1963 йилларда Қорақалпоғистон АССР Вазирлар Кенгаши раиси, 1963−1984 йилларда Ўзбекистон Компартияси Қорақалпоғистон вилоят қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган. 1984−1986 йилларда СССРнинг Констанса (Руминия) шаҳридаги бош консули бўлган.
Қаллибек Камолов 1987 йилда “пахта иши” бўйича қамоққа олинган. 1989 йил охирида у 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвони ва кўплаб мукофотлардан маҳрум этилган. Кейинчалик у иш бўйича бошқа маҳкумлар каби афв қилинган.
Қаллибек Камоловнинг укаси Темур Камолов 1997–2002 йилларда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси бўлган. Худди шу лавозимда 2020 йил октябридан 2022 йил ёзигача Қаллибек Камоловнинг ўғли Мурат Камолов ишлаган.
Live
Барчаси