Қалин туман сабаб Ўзбекистондаги баъзи аэропортлар фаолияти чекланди
Жамият
−
08 Декабрь 2023
6037Қалин туман туфайли кўришнинг ёмонлашиши Фарғона, Наманган ва Самарқанд аэропортларида рейсларнинг қўниш ва жўнатишини чеклаб қўйди. Бу ҳақда “Uzbekistan airports” Матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, Иркутск – Фарғона йўналиши бўйича SBI-6323 рейсини амалга ошираётган S7 Airlines самолёти белгиланган аэропортдаги ноқулай об-ҳаво шароити (туман, кўриш масофаси 50 м) туфайли 7 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 23:27 да Наманган аэропортидаги муқобил аэродромга қўнди. Авиакомпания қарорига кўра, 177 нафар йўловчи Фарғонага ер усти транспорти орқали етказилади.
Бироқ соат 00:10 дан бошлаб Наманган аэропортини ҳам қуюқ туман қоплади (кўриш масофаси 600 метр). Шу сабабли бу ерда ҳам самолётларни қабул қилишда вақтинчалик чекловлар жорий этилди.
“Panorama Airways” авиакомпаниясининг Мадина – Наманган йўналиши бўйича UZP-5382 рейсидаги экипаж аъзолари Наманган аэропортида ноқулай об-ҳаво шароити (туман) туфайли Тошкентдаги муқобил аэродромга ўтишга қарор қилди. Маҳаллий вақт билан 8 декабрь куни соат 02:33 да бортида 170 нафар йўловчи бўлган самолёт Тошкент аэропортига қўнди.
Шунингдек, Самарқанд халқаро аэропортида ҳам кўриш масофаси 50 метр бўлган қалин туман борлиги сабабли самолётларни қабул қилиш чекланган. Бироқ кўп ўтмай Самарқанд халқаро аэропортидаги чекловлар олиб ташланган.
LiveБарчаси