Жиззахнинг ҳар бир туманига 4 млрд сўмдан пул ажратилади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жиззах вилоятининг туманлари марказини замонавий қиёфага келтириш мақсадида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Жиззах вилоятининг барча туманлари (Мирзачўл туманидан ташқари) марказини замонавий қиёфага келтириш учун ижтимоий соҳа муассасаларини таъмирлаш ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишларига ҳар бир туманга 4 млрд сўмдан, жами 44 млрд сўм, шундан:

жорий йилнинг 15 февралига қадар республика бюджетининг йил бошидаги эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан ҳар бир туманга 2 млрд сўмдан, жами 22 млрд сўм;

жорий йилнинг апрель ойида республика бюджетининг 1-чорак даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ҳар бир туманга қўшимча 2 млрд сўмдан, жами 22 млрд сўм маблағни Жиззах вилоят маҳаллий бюджетига ажратилишини таъминлаши лозим. 

Жиззах вилоятининг туманлари марказларида бажариладиган ишлар бўйича буюртмачи этиб Жиззах вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси белгиланди. 

Жиззах вилоят ҳокимлигига Жиззах вилоят туманлари марказида амалга ошириладиган қурилиш таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳачи ва пудратчи ташкилотларни энг мақбул таклифлар танлови орқали аниқлашга рухсат берилади. 

Мазкур танловларни ташкил этиш, жараёнларни назорат қилиш ва уларнинг самарадорлигини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик Қурилиш вазири А.Тўхтаев ва Жиззах вилоят ҳокими Э.Салиев зиммасига юкланади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жиззах вилоят ҳокимлиги 2019 йил Инвестиция дастурига қўшимча равишда қуйидаги объектларни киритади:

Фориш туманида 60 ўринли туғруқхона комплексини қуриш ва жиҳозлаш;

Дўстлик тумани “Янги ҳаёт” массивида 630 ўринли умумтаълим мактабини қуриш ва жиҳозлаш;

Жиззах вилоят ҳокимлиги ва Халқ таълими вазирлиги таклифлари асосида вилоятдаги энг оғир аҳволда бўлган умумтаълим мактабларини таъмирлаш.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019 йил Инвестиция дастурига киритилган 3-банддаги объектларни молиялаштириш учун республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан маблағлар ажратилишини таъминлайди.

Жиззах вилоят ҳокимлиги бир ой муддатда мазкур қарор билан 2019 йил Инвестиция дастурига қўшимча киритилган объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқилишини таъминлаши керак.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги мазкур қарор билан 2019 йил Инвестиция Дастурига қўшимча киритилган объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини давлат экспертизасидан ўтказилишини ва қурилиш-монтаж ишларини бажаришда сифат талабларига риоя этилиши бўйича тегишли давлат архитектура-қурилиш назоратини таъминлайди. 

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Жиззах вилоят ҳокими Э.А.Салиев зиммасига юкланади. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Жиззах вилояти

Баҳолаганлар

16

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг