Италияда фавқулодда ҳолат эълон қилиниши мумкин
Олам
−
26 Июль 2023
10659Италия ҳукумати мамлакатнинг тўртта вилояти – кучли довуллар ёпирилган шимолий Ломбардия, Венето, Фриули-Венеция-Жулия ва ўрмон ёнғинлари давом этаётган Сицилияда фавқулодда ҳолат режимини эълон қилиш ҳақида ўйламоқда. Бу ҳақда маҳаллий “Corriere della sera” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, табиий офатлар оқибатида етказилган зарар миқдори ҳали ҳисоблаб чиқилмаган. Аммо биргина Милан ва унинг атрофидаги ҳудудларда довул оқибатидаги зарар миқдори 40 миллион евродан ортиққа баҳоланяпти. Фриули-Венеция-Жулияда эса яқинда ёққан дўл ҳосилнинг 70 фоизини йўқ қилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, маҳаллий қишлоқ хўжалигига етказилган зарар 150 миллион еврога етади. Сицилияда ўрмон ёнғинлари оқибатида камида уч киши ҳалок бўлган, ўнлаб гектар ер ёниб кетган.
Маълумот учун, Италиянинг марказий ва жанубий ҳудудларида икки ҳафтадан буён ўта юқори ҳарорат кузатилмоқда. Мамлакатнинг жанубий оролларида, хусусан, Сицилияда ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 46 даражагача кўтарилмоқда. Бу кўплаб ўрмон ёнғинларига олиб келди. Шу билан бирга, шимолий ҳудудларда иссиқ ҳавонинг совуқ ҳаво билан тўқнашуви кучли момақалдироқларни келтириб чиқарди, чақмоқ чақиши, кучли дўл ва 100 километр/соатгача бўлган кучли шамоллар кузатилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур табиий ҳодисалар иқлим ўзгариши билан боғлиқ ва эндиликда аҳвол фақат ёмонлашиб боради.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда бир вақтнинг ўзида Туркия, Жазоир ва Грецияда ҳам ўрмон ёнғинлари давом этмоқда. Шунингдек, кеча, 25 июль куни Грецияда ўрмон ёнғинларини ўчираётган самолёт қулаб тушганди.
LiveБарчаси
Асад ҳокимияти ағдарилди.
08 Декабрь