Италия ўзининг ҳарбий мутахассисларини Украинага юбормоқчи

Олам

image

Италия ҳукумати Украинада урушдан зарар кўрган ҳудудларни миналардан тозалаш учун ўзининг ҳарбий мутахассисларини юборишга тайёр. Бу ҳақда “La Repubblica” газетаси хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Рим қўшин юборишни режалаштирмаяпти, лекин Украина ерларига миналардан тозаловчи гуруҳни юбормоқчи. Бундан ташқари разведка маълумотлари алмашинуви ҳамда Италия ҳарбий-ҳаво кучлари орқали ҳаво ҳудудини патруллаш каби бошқа вариантлар ҳам кўриб чиқилмоқда.

Қайд этилишича, мамлакат Ташқи ишлар вазири Антонио Таяни Италия ўзининг қуруқлик ва денгиздаги тажрибаси билан миналардан тозалаш ишларида муҳим ҳисса қўшиши мумкинлигини таъкидлаган. 

Газетанинг эслатишича, 2022 йилда собиқ бош вазир Марио Драги ҳам Қора денгиз орқали дон ташиш йўлларини миналардан тозалашга Италия ҳарбий-денгиз кучларини жалб қилишни таклиф қилган эди. Бугун эса вазият анча мураккаб. Украина ҳукумати ҳисобига кўра, мамлакат ҳудудининг қарийб 30 фоизи миналардан тозалашни талаб қилади. Украинанинг собиқ мудофаа вазири Алексей Резников 2023 йилда бу иш учун 5 минг мутахассис ва камида 30 йил керак бўлишини айтган.

Нашрнинг қўшимча қилишича, Ғарб давлатлари 2025 йилнинг баҳоридан бери Украинага хорижий қўшинлар жойлаштириш эҳтимолини муҳокама қилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой Украина ҳудудида тинчликпарвар миссияга қўшилишга тайёрлигини билдирганди. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Хитойнинг бу жамоага қўшилишини хоҳламаслигини айтди. Шу билан бирга, Европа давлатлари бўлган Буюк Британия, Франция ва бошқалар тинчликпарвар миссияси доирасида Украина тинчлигини таъминлаши мумкин, аммо бу Россия ва Украина ўртасида келишувга эришилсагина содир бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Италия Рим

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг