Италия ҳукумати фуқароларга ёзги таътил учун пул беради
Олам
−
22 Апрель 2020
6196Италия ҳукумати ёзги таътил учун оилаларга пул тўлаш лойиҳаси устида ишламоқда. Бу ҳақда бугун, 22 апрель куни Маданият вазири Дарио Франческини маълум қилди.
Тахминларга кўра, ҳар бир оила учун тўлов 500 еврони ташкил қилади. Пулни фақат Италиядаги таътилга сарфлаш мумкин.
Бундай чора бир томондан кам таъминланган оилаларга, бошқа томондан эса 2020 йилда чет эллик сайёҳларсиз қоладиган Италиядаги меҳмонхоналар эгаларига ва бошқа туристик инфратузилмаларга ёрдам бериши кўзда тутилган.
Маълумот учун, мамлакат аҳолисининг катта қисми ҳозир ишсиз. Табиийки бу кейинчалик мамлакат иқтисодиётига таъсир кўрсатади. Жорий йилнинг 25 март куни қўлланилган коронавирусга қарши чекловлар яқин кунларда юмшатилиши кутилмоқда. Баъзи вилоятларда 9 май кунидан бошлаб қатор чекловлар олиб ташланиши кўзда тутилмоқда. 7 миллионга яқин ишчи 2 ҳафта ичида ўз иш жойларига қайтиши мумкин.
Сўнгги маълумотларга кўра, Италияда коронавирус билан боғлиқ 183 957 та ҳолат аниқланган. Касалланганларнинг 51 600 нафари соғайган, 24 648 нафари эса вафот этган. Мавжуд беморлар сони 107 709 кишини ташкил қилмоқда.