Истанбулда зилзила бўлса, 600 минг уй қулаши мумкин
Олам
−
17 Август
3561Агар Истанбулда зилзила содир бўлса, дастлабки дақиқаларида олти юз минг уй қулаш хавфи остида қолади ва тахминан 2,5 миллион киши жиддий хавф остида яшамоқда. Бу ҳақда Туркия Атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Курум маълум қилди.
Шимолий Анадолу ёриғининг тармоқларидан бири Мармара денгизининг Истанбул қирғоқларидан ўтади. Олимлар Истанбул ва Мармара денгизида 7 баллдан кучли кучли зилзила бўлишини, иқтисодий оқибатлари бутун Туркияга таъсир этишини башорат қилмоқда.
“Бугун биз Истанбулнинг 39 туманида хавф таҳлилини якунладик ва бу шаҳардаги умумий уйлар сонининг бешдан бир қисми – тахминан 1,5 миллион уй хавфсизлик талабларига жавоб бермаслигига ишонч ҳосил қилдик. Биринчи дақиқаларданоқ 600 минг уй қулаш хавфи остида бўлади, яъни 2,5 миллионга яқин халқимиз бу вазиятнинг жиддийлигини тўлиқ англаб етиши керак”, дейди Мурат Курум.
Истанбул мэриясининг ҳисоб-китобларига кўра, 7,5 магнитудали зилзила содир бўлса, шаҳарда камида 90 минг бино вайрон бўлади, 4,5 миллионга яқин фуқаро вақтинчалик уй-жойга муҳтож бўлиши мумкин. Суғурта компаниялари зилзиладан кўрилган зарар 325 миллиард доллардан ошиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 6 февраль куни Туркия жануби-шарқидаги Қаҳрамонмараш вилоятида 7,7 ва 7,6 магнитудали иккита вайронкор зилзила содир бўлганди. Ер қимирлашлари ва минглаб ерости силкинишлари республиканинг 11 вилояти ва қўшни мамлакатларда сезилган бўлиб, улардан Сурия энг кўп жабр кўрган эди.
LiveБарчаси