Истанбулда теракт уюштиришда гумонланган икки марказий осиёлик қўлга олинди
Олам
−
02 Апрель
6794Туркиянинг Истанбул шаҳрида полиция Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари бўлган икки шахсни ИШИД террорчилик ташкилоти номидан теракт тайёрлашда гумон қилиб қўлга олди. Бу ҳақда IHA агентлиги хабар берди.
Туркия разведка ходимларининг аниқлашича, террор ташкилоти ячейкасининг икки аъзоси шаҳарнинг Пендик туманидаги уйларнинг ертўласида яширинган.
“Тожикистон фуқароси Фозилжон А. (37 ёш) ва Қирғизистонда туғилган Зулфия С. (41 ёш) яширинган уйда милиция кийимлари, милициянинг милтилловчи чироқлари, рация, пичоқ учун ғилоф ва тўппонча, шунингдек, террорчилик ҳужумини амалга ошириш бўйича кўрсатмаларни ўз ичига олган рақамли материаллар топилган”, дейилади хабарда.
Сўроқ пайтида қўлга олинганлар зўравонлик ҳаракатини тайёрлаганини тан олган. Аммо улар буни қаерда ва қачон амалга оширмоқчи бўлганини айтмаган.
Прокуратура қарори билан Тожикистон фуқароси ҳибсга олинган, шериги эса Туркиядан чиқариб юборилган.
Маълумот учун, Туркия хавфсизлик кучлари деярли ҳар куни ИШИДга қарши операция ўтказмоқда. 31 март куни бўлиб ўтган маҳаллий сайловлар куни Республика Ички ишлар вазирлиги ИШИД билан алоқадорликда гумон қилинган 51 киши ҳибсга олинганини маълум қилди.
Ўтган ҳафта бошида Туркия Ички ишлар вазирлиги ИШИДга алоқадорликда гумонланган 147 нафар шахс қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Вазирлик маълумотларига кўра, йил давомида республикада террорчилик ташкилотининг 3 мингга яқин тарафдори қўлга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Доғистонда Москва яқинидаги “Крокус Сити Ҳолл”га ҳужум уюштиришда гумонланаётганларни пул ва қурол-яроғ билан таъминлаган хорижий фуқаролардан иборат гуруҳ аъзолари ушланганди.
Шунингдек, 31 март куни Доғистонда махсус хизматлар аксилтеррор операциясини ўтказган эди. Ушбу тезкор тадбир давомида уч нафар қуролли шахс қўлга олинган.