Истанбулда сайлов натижалари бекор қилинди. Унда мухолифат ғалаба қозонганди
Жамият
−
07 Май 2019
5574Туркия Марказий сайлов комиссияси Истанбулда ўтказилган маҳаллий сайловлар натижасини бекор қилди. Бу ҳақда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг “Адолат ва тараққиёт” партияси (АТП) вакили Ражаб Озель ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
“Истанбулда сайловлар қайтадан ўтказилади. Улар омад олиб келсин”, деган Озель.
Истанбулдаги қайта сайлов жорий йилнинг 23 июнь кунида ўтказилади.
Маълумотларга кўра, Истанбулдаги сайлов натижаларини бекор қилиш бўйича ўтказилган йиғилишда кенгашнинг 7 аъзоси рози бўлган, 4 аъзо қарши овоз берган.
Эслатиб ўтамиз, Туркияда 31 март куни маҳаллий сайловлар ўтказилганди. Истанбулдаги сайловда асосий мухолиф “Республика халқ” партияси вакили Экрем Имомўғли ғалаба қозонганди. У 48,8 фоиз овоз олиб асосий рақобатчиси “Адолат ва тараққиёт” партиясидан номзод Бинали Йилдиримни 13 729 та овоз фарқи билан ортда қолдирганди.
“Адолат ва тараққиёт” партияси шикоятидан кейин МСК овозларни қайта санаб чиқди. Натижада “Адолат ва тараққиёт” партияси ҳисобига 10 мингдан ортиқ овоз қўшилди. Бироқ якуний натижа ўзгармай қолди.
Имомўғли 17 апрель куни Истанбул мэри вазифасини бажаришга киришди. Ўша вақтда МСК “Адолат ва тараққиёт” партиясининг сайлов вақтида кўплаб қоидабузарликлар бўлгани учун натижаларни бекор қилиш тўғрисидаги апелляциясини кўриб чиқаётганди.
Мухолиф “Республика халқ” партияси 1994 йилдан бери илк бор Туркиянинг йирик шаҳарлари Истанбул ва пойтахт Анқарадаги сайловларда етакчилик қила болади. Шунингдек, унинг номзодлари Исмиз, Анталья, Адана ва Мерсинда ҳам ғалаба қилди. Бироқ умумий ҳисобда 31 мартда ўтказилган маҳаллий сайловларда АТП ғалаба қозонди.
LiveБарчаси