Истанбулда кучли қор сабаб қатор чекловлар жорий қилинди

Олам 4049
image

Туркиянинг Истанбул шаҳрида кучли қор ёғгани ва ноқулай об-ҳаво сақланиб турганлиги муносабати билан қатор чеклов ва чора-тадбирлар жорий қилинди. Бу ҳақда Истанбул губернатори Али Ерликая баёнот берган.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, қуйидаги чеклов ва  чоралар жорий этилди:

  • хавфсизлик, соғлиқни сақлаш, транспорт ва зарур бўлган бошқа секторларда хизмат кўрсатаётган ишчилардан ташқари бошқа давлат идораларида иш фаолияти юритаётган хизматчилар учун жорий йилнинг 26 январь – чоршанба куни ҳам дам олиш куни деб белгиланди;
  • давлат муассасаларида ишлаётган ногирон ва ҳомиладор аёллар 26, 27 ва 28 январь кунлари таътил деб эълон қилинди; 
  • Эсенлер, Ҳарам ва бошқа барча автостанциялар 26 январь соат 09:00 га қадар фаолияти тўхтатилди;
  • Истанбулдаги университет ректорлари билан келишган ҳолда талабалар учун таътил 31 январга қадар узайтирилди; 
  • хусусий таълим ва реабилитация марказларида таътил 26, 27 ва 28 январга қадар узайтирилди; 
  • судья ва прокурорларга (навбатчилар мустасно) 25-26 январь кунлари таътил эканлиги маълум қилинди.

Маълумот учун, жорий ҳафтада Туркиянинг бир қатор шаҳарларини қор қоплади. Кучли қор ёғиши мамлакатнинг энг йирик шаҳри Истанбулда транспорт ҳаракати, шунингдек авиапарвозларни тўхтатиб қўйган. Йўлларда эса катта тирбандликлар юзага келган, одамлар машиналарини йўл четига қўйиб, пиёда юришга мажбур бўлган. Метрода пиёдалар оқими туфайли тиқилинч юзага келган. Шунингдек, шаҳарда савдо марказлари ва бир қанча корхоналар ёпилган. Истанбул аэропортида парвозлар кечиктирилган.

“Uzbekistan airways” АЖ матбуот котиби Камола Икромова QALAMPIR.UZ'га маълум қилишича, ҳозирда Истанбул ва Анқара шаҳарларида Ўзбекистоннинг иккита самолёти турибди, бироқ ноқулай об-ҳаво шароити туфайли уча олмаяпти.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 103
Рейтинг: 3
Теглар
t
×