Туркияда қолиб кетган ўзбекистонликлар қандай олиб келинади? “Uzbekistan airways” айб об-ҳаводалигини айтмоқда

Жамият

image

Хабарингиз бор, жорий ҳафтада Туркиянинг бир қатор шаҳарларини қор қоплади. Кучли қор ёғиши мамлакатнинг энг йирик шаҳри Истанбулда транспорт ҳаракати, шунингдек авиапарвозларни тўхтатиб қўйган. Йўлларда эса катта тирбандликлар юзага келган, одамлар машиналарини йўл четига қўйиб, пиёда юришга мажбур бўлган. Метрода пиёдалар оқими туфайли тиқилинч юзага келган. Шунингдек, шаҳарда савдо марказлари ва бир қанча корхоналар ёпилган. Истанбул аэропортида парвозлар кечиктирилган. 

Бундан ташқари, Истанбул халқаро аеропорти фаолияти тўлиқ тўхтатилгани муносабати билан (кучли қор, кўришнинг етарли даражада эмаслиги), "Uzbekistan Airways" АЖ жорий йил фақат 25 январь куни бажарилиши режалаштирилган HY – 271/272/273/274 Тошкент - Истанбул – Тошкент йўналиши бўйича рейсларни бекор қилди. Шу сабаб, QALAMPIR.UZ мухбири “Uzbekistan airways” АЖ матбуот котиби Камола Икромовага ҳозирда Истанбулдан Ўзбекистонга қайта олмаётган йўловчиларнинг аҳволи ҳамда олинган чипталар нима бўлиши ҳақидаги савол билан юзланди. 

Матбуот котибининг сўзларига кўра, ҳозирда Истанбул ва Анқара шаҳарларида Ўзбекистоннинг иккита самолёти турибди, бироқ ноқулай об-ҳаво шароити туфайли уча олмаяпти. 

“Кеча Истанбул аэропорти тўлиқ ёпилган, йўловчилар эса самолётнинг умуман учишга имкони бўлмагани сабабли қолиб кетган. Шунинг учун биз уларни бугун олиб келишимиз керак эди, лекин Истанбул ва Анқара шаҳарларида турган самолётларимиз қотиб қолди, уча олмаяпти”, дейди Камола Икромова.

Унинг сўзларига кўра, нафақат Туркия шаҳарларидан Ўзбекистонга, балки Тошкентда ҳам 400 дан ортиқ чипта олиб, кутиб ўтирган йўловчилар бор. 

“Биз уларга бугун соат 13:00 га 271-рейс қўйиб бергандик, бироқ Истанбул аэропорти ёпиқ бўлганлиги сабабли уча олмади. Шунинг учун биз рейс вақтини эртага, 26 январь соат 13:00 га кўчирдик. Агар, у эртага учса, ортга қайтаётганда Истанбул ва Анқара аэропортларидаги йўловчиларни олиб келади. Бекор қилинган парвозларнинг йўловчилари чиптанинг тўлиқ қийматини сотиб олган жойида қайтариб олиши мумкин. Шунингдек, парвозлар қайта тиклангандан кейин чипталарни хоҳлаган кунга бепул кўчириб берамиз”, дейди Камола Икромова.

Матбуот котибининг таъкидлашича, Анқара аэропортида қолаётган йўловчилар тўлиқ меҳмонхонага жойлаштирилган, Истанбул аэропортидаги йўловчиларга эса иссиқ овқат билан таъминланган. Бироқ бошпана берилмаган. Харажатларни эса Ўзбекистон томони қоплаган.

“Компенсация тўланмайди, чунки бу бизнинг айбимиз эмас. Бунинг барчаси фақат об-ҳаво шароити билан боғлиқ”, деб жавоб берди Камола Икромова парвози бекор қилинган йўловчиларга компенсация тўланадими деган саволга.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

75

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг