Истанбулда 3 млн евродан ортиқ қалбаки пуллар мусодара қилинди

Олам

image

2024 йил бошидан буён Туркия ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан Истанбулда 3,6 миллиондан ортиқ қалбаки евро ва 350 минг АҚШ доллари мусодара қилинган. Бу ҳақда кеча, 29 ноябрь куни “Memurlar” хабар берди. 

Қайд этилишича, Туркия Марказий банки мамлакатда қалбаки пул тарқалиши бўйича хабарлар ортидан суд органлари билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Туркия Ички ишлар вазири Али Ерлиқояга кўра, йил бошидан бери ҳуқуқ-тартибот органлари қалбаки пул ишлаб чиқарувчиларга қарши 340 та операция ўтказган.

“104 нафар гумонланувчи ҳибсга олинган, 48 нафарига нисбатан суд назорати чораси қўлланилган. Операциялар натижасида мусодара қилинган қалбаки валюта миқдори қуйидагича: 352 минг 576 АҚШ доллари, 3 миллион 613 минг евро ва 1 миллион 479 минг 260 турк лираси”, деди вазир.

Валюта айирбошлаш шохобчалари эгаларининг ассоциацияси (TÜYEMDER) раҳбари Меҳти Шерен Туркияда қалбаки долларлар тарқалганлиги ҳақида тарқалган хабарларни рад этган. Унинг сўзларига кўра, бозорда “ҳатто минг дона ҳам” қалбаки доллар йўқ, 600 минг дона ҳақида гапириш эса асоссиз. У бу каби нотўғри маълумотларга ишонмасликка чақирган. 

Шу билан бирга, 27 ноябрь куни Истанбул полицияси қалбаки валюталарни тарқатишда гумон қилинган шахсни қўлга олгани ҳақида хабар берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияга тахминан 600 миллион доллар қийматдаги қалбаки банкнотлар контрабанда йўли билан киритилгани хабар қилинган эди. Улардан катта қисми 50 доллар номиналдаги купюралардан иборат бўлиб, шу сабабли айрибошлаш пунктлари ва банклар ушбу номиналдаги, шунингдек, эски 100 долларлик банкнотлар билан операцияларни вақтинча тўхтатган. Мутахассисларнинг фикрича, сохта долларларнинг асосий қисми Сурия, Эрон ва Болқон мамлакатларидан киритилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул қалбаки евро

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг