Истанбул яна оёққа турди. Аҳоли нимадан норози? (видео)

Олам

image

Бугун, 8 сентябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида мухолифатдаги “Жумҳурият Халқ” партияси офиси олдида кенг кўламдаги намойишлар бошланди. Бу ҳақда “Hurriyet” хабар берди.

Бу ҳодиса партия раҳбарияти, жумладан, унинг собиқ Истанбул бўлими етакчиси Ўзгур Челик лавозимидан четлаштирилиб, бошқарувни вақтинчалик кенгашга топширганидан кейин юз берди. 

ОАВда тарқалган видеоларда намойишчиларнинг полиция билан тўқнашувлари, шунингдек, одамларнинг кўчаларда юриб, қозон-товоқларни уриб, норозилик билдираётгани акс этган.

2023 йилда бўлиб ўтган съезд ва ундаги овоз беришда қоидабузарликлар бўлгани ҳақидаги даъво асосида жорий йил 2 сентябрь куни Истанбулнинг 45-фуқаролик суди биринчи инстанцияда қарор чиқарган ва съезд натижаларини ҳақиқий эмас деб топган. Шу асосда партиянинг Истанбул бўлими раҳбарияти лавозимидан четлаштирилган. 

Истанбул бўлимининг вақтинчалик кенгашига Гурсел Текин раҳбар этиб тайинланган. У келаётган ҳафтадан ишга киришишини айтди. Шундан кейин партия штаб-квартираси олдида хавфсизлик чоралари кучайтирилди, полиция бинога кириш ва чиқишни тўсиб қўйди.

Бундан ташқари, Истанбул губернатори идораси шаҳар марказидаги бир неча туманларда уч кунлик йиғилишлар, намойишлар, матбуотга баёнотлар ва варақа тарқатишга тақиқ жорий қилди. Мазкур тақиқ кеча, 7 сентябрь куни соат 20:00 дан 10 сентябрь соат 23:59 гача давом этиши белгиланди. 

Партия раҳбари Ўзғур Ўзел Челик ва бошқа раҳбарларни лавозимидан четлаштириш ҳақидаги суд қарорини бекор қилишга чақирган. 

“Сиз тарихий хато қилдингиз, бу менинг сўнгги огоҳлантиришим”, деган Ўзел. 

Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя эса бунга жавобан партия аъзоларини “суд қарорларини менсимасликда” айблади. 

“Суд қарорларини менсимаслик ва одамларни кўчага олиб чиқишга уриниш – бу қонунни ошкора менсимасликдир. Давлат ҳар қандай ноқонуний уринишларга қарши қатъий чоралар кўради. Биз ҳеч қачон жамоат тартиби ва осойишталигини бузишга, кўча чақириқлари орқали провокацияларга йўл қўймаймиз”, дея ижтимоий тармоқларида ёзиб қолдирган вазир. 

Туркия Хавфсизлик Бош бошқармаси “аҳолига нафрат ва адоват қўзғатиш” ҳамда “жиноятларга ундаш” каби айбловлар доирасида 14 нафар гумонланувчи қўлга олинганини эълон қилди.

Бу аҳолини иккинчи бора кўчага чиқишга мажбур қилган воқеа бўлди. Жорий йилнинг май ойида собиқ Истанбул мэри Экрем Имомўғли ҳибсга олинганда ҳам мамлакат бўйлаб жуда катта норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Имомўғли 2028 йилги президентлик сайловида Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг асосий рақиби сифатида қаралган эди. У коррупция ва террорчиликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган. Умумий ҳисобда юз кишига нисбатан ордер чиқарилган. Имомўғли ва партия буни “сиёсий таъқиб” деб баҳолаган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Экрем Имомўғли судда бош прокурорга таҳдид қилиш ва ҳақорат қилишда айбланиб, 1 йил 8 ойлик (20 ой) қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Суд қарорига кўра, жиноят Имомўғлининг жорий йилнинг 20 январидаги чиқишларига бевосита алоқадор. Ўшанда Имомўғли Истанбул бош прокурорини сиёсий мақсадларда текширувлар олиб боришда айблаган. У судда барча айбларни рад этган ва уларни “сиёсий жиҳатдан қуролланган босим” деб атаган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Жумҳурият Халқ Ерлиқоя Ўзгур Челик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг