Истанбул фотиҳига тегишли медальон сотувга чиқарилди
Олам
−
19 Март
5455Усмонлилар давлатини 1444-1446 ва 1451-1481 йилларда бошқарган султон Меҳмет II га тегишли экани айтилган бронза медальон 82 миллион лира (тахминан икки ярим минг доллар) га сотувга қўйилди. Бу ҳақда Туркиянинг “Haber Global” телеканали маълум қилди.
Фактларга кўра, Усмонлилар империясининг энг буюк ҳукмдорларидан бири бўлган Фотиҳ Султон медальонни бўйнига тумор сифатида тақиб юрган. Артефактда Меҳмет II нинг Истанбул фатҳидан аввалги кўриниши тасвирланган.
Маълумот учун, империянинг еттинчи ҳукмдори ёшлигидан кўплаб ҳарбий муваффақиятларга эришган. У 395-1453 йилларда Византия пойтахти бўлган Константинополни забт этиши орқали ўз исмини тарихга киритган ва “Фотиҳ” номига сазовор бўлган. Фатҳдан сўнг Константинополь номи Истанбулга ўзгартирилган.
“Бронза портрет мусулмон етакчисининг Ғарб рассоми томонидан яратилган энг қадимги портретидир. 2000 йилда Италия Уйғониш даври медальонлари тўпламидан топилган артефактнинг четида лотин тилида “Буюк шаҳзода, буюк амир, султон Меҳмет афанди” деган ёзув бор”, дейилади манбада.
Энг қизиғи, медальоннинг орқа томонида ҳеч қандай дизайн ёки ёзув йўқ, у кўчма ўлчамли ва тепасида силлиқ бўшлиққа эга. Бу султоннинг жуда шахсий ва муҳим буюми бўлиб, медальон тумор сифатида тақилган деб тахмин қилинади. XV асрга тегишли эканлиги тахмин қилинган бронза медальон 21 май куни аукционда сотилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ машҳур “Титаник” фильми суратга олинаётганда Роуз ва Жекнинг хайрлашув саҳнасида реквизит вазифасини бажарган эшик аукционга қўйилган эди.
LiveБарчаси