Истанбулда 4 млн аҳоли зилзила сабаб ўлимга юзланиб турибди – сейсмолог
Олам
−
06 Январь
9737Мармар денгизи ҳудудида бўлиши мумкин бўлган зилзила оқибатида қарийб 4 миллион кишининг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Ушбу ҳудудда жойлашган Истанбул шаҳрида эса 16 миллион киши яшайди. Бу ҳақда Туркиянинг етакчи сейсмологи Нажи Гўрюр маълум қилди.
“Мегаполиснинг тўрт миллионга яқин аҳолиси мумкин бўлган зилзила олдида ўлимга юзма-юз келмоқда. Моддий йўқотишларни тасаввур қилиб бўлмайди. Истанбулдаги энг нуфузли муассасалар ҳам шаҳардаги биноларнинг 60 фоиздан ортиғи зилзилаларга чидамли эмаслигини даъво қилмоқда. Истанбулдаги зилзила бизни чўктиради, ҳазиллашмаяпман. Мармар денгизи минтақаси қулаб тушса, бутун Туркия тиз чўкади”, дейди Гўрюр.
Шунингдек, Гўрюр сўнгги ўн йил давомида Мармар денгизи ҳудудидаги тектоник ёрилишлар бўйича илмий тадқиқотлар олиб борганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, бу тадқиқотлар Италия ва Франциянинг сейсмик кемалари билан дунёдаги энг илғор олимлар ҳамкорлигида амалга оширилган.
“Шимолий Анатолия ёриқлар тармоғининг шимолий қисми Мармар денгизи орқали ўтади. Бир тармоқ Шаҳзода оролларининг жанубида жойлашган бўлиб, биз уни орол ёрилиши деб атаймиз. Иккинчиси эса Кумбургаз ёрилиши бўлиб, Ешилкўйдан Силивригача чўзилади. Биз бу икки ёрилиш блокланганини ва уларда энергия тўпланаётганини аниқладик. Ёрилишларнинг бузилишига тўсқинлик қилаётган ишқаланиш кучи мавжуд. Бу тўсиқ бартараф этилган заҳотиёқ зилзила содир бўлади”, деди олим.
Сейсмологларнинг баҳолашича, магнитудаси 7 ёки ундан юқори бўлган зилзилада тахминан 90 минг бино вайрон бўлади, 260 минг бино шикастланиб, яшаш учун яроқсиз ҳолга келади. 4,5 миллион одам вақтинчалик бошпанага муҳтож бўлади. Бу каби маълумотлар аҳоли ўртасида хабардорликни ошириш ва сейсмик жиҳатдан чидамли инфратузилмани яратиш зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Курум агар Истанбулда зилзила содир бўлса, дастлабки дақиқаларида олти юз минг уй қулаш хавфи остида қолишини ва тахминан 2,5 миллион киши жиддий хавф остида яшаётганини маълум қилганди.
LiveБарчаси
07 Январь