Иссиқхона ишчиларига ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоизга туширилади
Жамият
−
30 Июль 1741 2 дақиқа
2028 йилга қадар иссиқхона ишчилари учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилади. Бу ҳақда бугун, 30 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини кўпайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, бундан буён иссиқхоналар тоифасидан қатъи назар ер солиғини қишлоқ хўжалиги ерлари ставкасида тўлаши белгиланиб, 2028 йилга қадар иссиқхона ишчилари учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилади.
Солиқ қўмитасига бутун тизими, таҳлилий ва ақл марказларини сафарбар этиб, иссиқхоналардан қисқартирилган газ қайси соҳаларга йўналтирилгани ва уларнинг самарадорлигини ўрганиш, агар газ берилган бошқа соҳаларда қўшилган қиймат кам бўлса, газни иссиқхоналарга йўналтириш топширилди.
Экологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Тошкент вилоятидаги иссиқхоналар фаолиятининг ҳаво сифатига салбий таъсири билан боғлиқ муаммоларни узил-кесил ҳал қилиш вазифаси қўйилди.
“Барча эшитиб олсин: иссиқхоналар бу – озиқ-овқат хавфсизлиги, иқтисодий хавфсизлик масаласи ҳисобланади”, дейди Президент.
Тегишли идораларга соҳада қатъий назорат ўрнатиш топширилди.
Шунингдек, ҳозиргача 200 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилингани катта самара бергани таъкидланди. Натижада 420 миллион кубметр сув иқтисод қилиниб, қўшимча 65 минг гектарда мева-сабзавот етиштириш имконияти яратилган.
Ушбу ишлар учун ўтган йили 2,6 триллион сўм, жорий йил эса 1,2 триллион сўм сарфланган. Йил якунигача яна 10 минг гектарда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришни йўлга қўйиш, шунингдек, 200 минг гектарни лазерли текислаш учун 1 мингта техника харид қилиш режалаштирилган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига бу йил учун зарур маблағларнинг молиявий манбасини ҳал қилиш, келаси йил дастури учун 2 триллион сўм ресурс шакллантириш топширилди.
Президент дала четига экин экиш, кооперациялар бўйича қонунлар ва Сув кодексининг қабул қилингани сув танқислиги шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади. Энди депутат ва сенаторлар, маҳаллий Кенгаш вакиллари қишлоқ хўжалигида даромадни ошириш, экспортни рағбатлантириш, тадбиркорларни стандартлар жорий қилиш ва сертификат олишга ўргатиш бўйича фаол бўлиб, қонунчиликка оид янги таклиф берса, бу ҳам мақсадга мувофиқ бўлиши таъкидланди.
Ҳукуматга штаб ташкил қилиб, экспортчи, иссиқхоначи ва бошқа мева-сабзавот етиштирувчилар билан доимий мулоқот платформасини ишга тушириш, тадбиркорларнинг давлат идоралари билан боғлиқ барча муаммоларини аниқлаб, жойида ҳал қилиб бориш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда тадбиркорларнинг намунали тажрибалари кўриб чиқилди, мутасаддиларнинг ахбороти тингланди.
Эслатиб ўтамиз, Президент ушбу йиғилишда хориждаги элчихона ва бош консулхоналарни экспортни кўпайтиришга фаолроқ кўмаклашишга чақирганди.