Иссиқхоналарга газ етказиб бериш қисқартирилди
3-саҳифа
−
10:24
1184Кеча, 12 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятидаги иссиқхонага табиий газ етказиб бериш 50 фоизга қисқаргани ҳақида огоҳлантириш хати юборилгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Мазкур ҳолат юзасидан “Ҳудудгазтаъминот” муносабат билдириб, ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши оқибатида айрим ҳудудлардаги қувурларда газ босимининг пасайиши кузатилаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш устувор вазифа эканлигини инобатга олган ҳолда айрим улгуржи истеъмолчиларга чекловлар киритилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 сентябрдаги ПҚ-339-сон қарорига мувофиқ босим тушиши ёки узилишлар бўйича иссиқхона хўжаликларини камида 24 соат олдин “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан мажбурий хабардор қилиш амалиёти жорий қилиниши белгиланган. Газ таъминоти корхоналари томонидан доим мазкур амалиёт бўйича иш юритилиб, чеклов киритилишидан камида 24 соат аввал иссиқхона хўжаликларига огоҳлантириш юборилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 октябрдаги 567-сонли қарорига кўра, аҳолининг газ таъминоти тизимида фавқулодда ҳолатлар юзага келганда, иссиқхона хўжалигида етарли миқдорда муқобил ёқилғи захирасининг мавжуд бўлиши белгиланган. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда иссиқхона хўжаликлари ўртасида уч томонлама келишувда ҳам кўрсатиб ўтилган.
Шу муносабат билан уч томонлама шартнома шартларига мувофиқ иссиқхона хўжаликларига етказиб бериладиган табиий газга қисман чекловлар киритилган даврларда иссиқхона хўжаликлари захира ёқилғи турларидан фойдаланишга вақтинчалик ўтишлари лозим бўлади. Қайд этиш керак, мазкур чекловлар фақат ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетган вақтда қўлланилади. Қувурлардаги газ босимлари барқарорлашганда чекловлар бекор қилинишини маълум қиламиз", дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Энергетика вазирлиги ҳам автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (газ “заправкалар”) фаолиятига қисқа муддатли чеклов киритилишини маълум қилганди.