“Ўзмиллийбанк” “smart” иссиқхонага 600 минг доллар ажратди. Натижа қандай?
Бизнес
−
09 Декабрь 2019
7416Сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришнинг ҳам ўзига яраша қийинчилиги, машаққатлари талайгина. Фақатгина ёзги экинларни экиб, ҳосил олиш орқали қишин-ёзин расталарни тўлдириб, аҳолини етарлича озиқ-овқат маҳсулоти билан тўлиқ таъминлаб бўлмайди. Бу эса ўз-ўзидан йилнинг тўрт фаслида ҳам деҳқончилик қилиш заруратини юзага келтиради.
Шу сабабдан, давлат раҳбари томонидан 2019 йил 20 март куни “Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4246-сон қарори қабул қилинди. Бу эса, иссиқхона саноати соҳасида катта бурилиш бўлди.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида гидропоника усулида иссиқхоналар ташкил этилмоқда. Ихчам ва самарадор бундай иссиқхоналар юқори сифатли полиз маҳсулотлари етиштириш, кўплаб иш ўринлари яратиш имконини бермоқда.
Ўзбекистон Миллий банки томонидан ҳам гидропоника усулидаги иссиқхоналар қуриш учун кредит маблағлари ажратилган.
Жумладан, Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Байткўрғон қишлоқ фуқаролар йиғинидаги “Байтқўрғон Абдуғани боғи” хусусий корхонасида ҳам инновацион технологияга асосланган гидропоника усулидаги иссиқхона ташкил этилган.
– Гидропоника тупроқсиз, фақат озуқа моддалар билан тўйинтирилган сув ёрдамида деҳқончилик қилишни англатади, – дейди иссиқхона раҳбари Абдуғани Султонов. — Бу усул асосан, Европа мамлакатларида оммалашган. Нидерландияда ошқовоқ, Бельгияда эса карам гидропоника усулида етиштирилади. Бутун дунёда самарали ва тежамкор деб тан олинган гидропоника усулидаги иссиқхоналарни юртимизда ҳам кўпрайтириш ниятидамиз. Шу сабабли, гидропоника усулидаги иссиқхона қуриш лойихамни тақдим этдим ва “Ўзмиллийбанк” томонидан менга Осиё Тараққиёт банки кредит линияси ҳисобидан олти юз минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилди. Олинган кредит ҳисобига Голландиядан замонавий жиҳозлар олиб келиб ўрнатдик. Иссиқхонамиз жорий йил сентябрь ойида иш бошлаган. Бугунги кунда иссиқхонада 12 нафар ходим ишламоқда.
Бу ердаги барча жараён тўлиқ автоматлаштирилган. Иссиқхонадаги ҳарорат, ўсимликнинг сув ва озуқага талаби чуқур таҳлил орқали аниқланади. Турли минераллар билан бойитилган сув томчилатиш усулида ўсимлик илдизига етказилади. Умумий майдони 1 гектар бўлган иссиқҳонада Туркиядан 25 минг туп серҳосил помидор навлари келтириб экилган. Мазкур иссиқхона 1 йилда 162 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш имконига эга.
Бир сўз билан айтганда “smart” иссиқхона барча замонавий талабларга жавоб беради. Бундан ташқари, хусусий тадбиркор Миллий банк билан ҳамкорликни давом эттирган ҳолда мазкур иссиқхона фаолиятини кенгайтиришни кўзда тутган.
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь