Президент – замонавий иссиқхонада
Жамият
−
12 Март 2020
11354Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 12 март куни Хоразм вилояти Янгиариқ туманидаги “Global Food Impeks” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган замонавий иссиқхонани кўздан кечирди.
Мамлакатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилишга кенг шароит яратилмоқда. Жойларда гидропоника усулида иссиқхоналар қурилмоқда. Бу сифатли полиз маҳсулотлари етиштириш, кўплаб иш ўринлари яратиш имконини бераётир.
“Global Food Impeks” масъулияти чекланган жамият учун ажратилган майдон 23 гектардан зиёд. Биринчи босқичда 10 гектар ерда иссиқхона қурилган. 140 киши иш билан таъминланган.
Аҳамиятлиси шундаки, илгари бу жой шўр босган, қаровсиз ер эди. Энди шу заминнинг ҳар гектаридан йилига 300-400 минг доллар миқдорида даромад олинади.
Масалан, помидор ва бодринг кўчатлари шу йил январда ҳосилга кирди. Ўтган қисқа вақтда 480 минг долларлик экспорт қилинди. Йил охиригача 4-5 миллион долларлик маҳсулот сотиш мўлжалланган.
Жорий йилда 13 гектар майдонда иссиқхонанинг иккинчи босқичини амалга ошириш ҳамда август ойида ишга тушириш мўлжалланган. Корхона тўлиқ қувватда ишлаганда йилига 4 минг тонна помидор ва бодринг, шунингдек, қулупнай, гуллар ва бошқа маҳсулотлар етиштирилади, жами 280 та иш ўрни ташкил этилади. Маҳсулотларнинг 80 фоизини қўшни давлатлар, Россия ва Туркияга экспорт қилиш режалаштирилган.
“Қишлоқ хўжалигида илм, янгича дунёқараш пайдо бўлди. Мана, ишнинг кўзини билса, катта даромад олиш мумкинлигига мисол. Хоразмда ер шўрланган. Шундай жойларда замонавий иссиқхоналарни кўпайтириш, 100-200 гектарга етказиш керак. Ҳам одамларга ишчи жой, ҳам экспорт бўлади”, деди давлат раҳбари.
Иссиқхона деталларини маҳаллийлаштириш, бозор талабидан келиб чиқиб қайта ишлашни йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.
Шу ерда вилоятда мева-сабзавотчилик, томорқачилик, чорвачилик, балиқчиликни ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь