Исроилнинг Ғазога ҳужумлари 9 кишининг ўлимига сабаб бўлди

World

image

Исроил армиясининг Ғазо секторига берган зарбалари ва ўқ узиши оқибатида камида тўққиз нафар фаластинлик, жумладан, 10 ёшли бола ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида ҲАМАС полициясининг юқори лавозимли амалдори ҳам бор. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Ғазо соғлиқни сақлаш ва полиция идораларининг маълум қилишича, Исроилнинг бугун, 14 июль кунги ҳужумлари ва ўқ узиши оқибатида камида тўққиз нафар фаластинлик, жумладан, 10 ёшли бола ҳамда ҲАМАС полициясининг юқори лавозимли ходими ҳалок бўлган.

2025 йил октябрь ойида Исроил ва ҲАМАС ўртасида кучга кирган ўт очишни тўхтатиш келишувидан буён Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 1 100 нафардан ошди.

Шифокорларнинг маълум қилишича, 10 ёшли Муатаз Абу Шаар Ғазонинг жанубидаги Рафаҳ шаҳрида Исроил ҳарбийларининг ўқ узиши оқибатида ҳалок бўлган.

Маълум қилинишича, анклав шимолидаги Жабалия шаҳрида Исроил ҳаво зарбаси ҲАМАС бошчилигидаги полиция кучлари постига берилган. Тиббиёт ходимлари ва полиция маълумотларига кўра, ҳужумда камида етти киши, жумладан бир аёл ҳалок бўлган, яна бир неча киши яраланган.

ҲАМАС бошчилигидаги Ички ишлар вазирлиги ҳалок бўлганлар орасида Жабалия полицияси раҳбари полковник Муҳаммад Марвон Салим ҳамда яна бир неча полиция ходими борлигини маълум қилган. Полиция манбаларига кўра, Исроил октябрь ойидан бери ҲАМАС хавфсизлик кучлари ва полиция постларига қарши ҳужумларни кучайтириб, ўнлаб ходимларни ўлдирган.

Исроил армияси Рафаҳ ва Жабалиядаги воқеалар юзасидан ҳозирча расмий изоҳ бермаган.

Исроил маълумотларига кўра, 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС бошчилигидаги жангчиларнинг Исроилга ҳужумида 1 200 киши ҳалок бўлган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса шундан бери анклавда 73 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Исроилнинг 12 июль кунги Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида камида 6 киши, жумладан 9 ёшли қизалоқ ҳалок бўлган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends