Исроилнинг Ғазодаги ҳужумларида 6 киши, жумладан 9 ёшли қиз ҳалок бўлди (видео)
World
−
13 July 1508 2 minutes
Исроилнинг кеча, 12 июль куни Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида камида 6 киши, жумладан 9 ёшли қизалоқ ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фаластин соғлиқни сақлаш идоралари маълум қилди.
Тиббиёт ходимларининг билдиришича, Ғазонинг марказидаги Ал-Бурайж қочқинлар лагери шарқий қисмидаги чодирлар шаҳарчасига Исроил ҳарбийлари томонидан очилган ўқ натижасида 9 ёшли Тала Абу Матар ҳалок бўлган. Исроил армияси эса мазкур воқеадан хабардор эмаслигини билдирган.
Ғазо шаҳрининг Сабра маҳалласида жойлашган металл қуйиш корхонасига берилган ҳаво зарбаси оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган. Гувоҳларнинг айтишича, объектга учта Исроил ракета зарбаси берилган. Исроил ҳарбийлари мазкур ҳужум қурол ишлаб чиқариш объекти ичида ҳаракат қилаётган ҲАМАС вакилларига қарши қаратилганини маълум қилган. Армия баёнотида айтилишича, ҲАМАС ушбу объектдан фойдаланиб, ўт очишни тўхтатиш келишувини бузган.
Бундан ташқари, Исроил армияси 9 июль кундан буён Ғазонинг шимолида ўз ҳарбийларига ҳужум тайёрлаётган камида икки нафар ҲАМАС аскарини йўқ қилганини билдирган.
12 июль куни кечроқ Хон Юнис жанубидаги Ал-Маваси ҳудудида жойлашган чодирлар шаҳарчасига берилган яна бир Исроил зарбаси оқибатида камида бир киши ҳалок бўлган, бир неча киши, жумладан болалар жароҳат олган. Бу бўйича Исроил армияси ҳозирча изоҳ бермаган.
Қайд этиш жоизки, 2025 йил октябрь ойида Исроил ва ҲАМАС ўртасида АҚШ воситачилигида тузилган ўт очишни тўхтатиш келишуви кенг кўламли жангларни тўхтатган бўлса-да, Исроилнинг ҳужумлари давом этмоқда. Расмий маълумотларга кўра, келишув кучга кирганидан бери бундай ҳужумларда 1 000 нафардан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Шу давр мобайнида Ғазода жангарилар ҳужумлари натижасида тўрт нафар Исроил аскари ҳам ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғазо сектори марказидаги Дейр ал-Балаҳ шаҳрига Исроил томонидан амалга оширилган авиаҳужум оқибатида уч нафар фаластинлик, жумладан бир нафар бола ҳалок бўлган эди.
Live
All