Исроилнинг Эронга ҳужумига АҚШнинг алоқаси йўқ – Рубио

Олам

image

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Исроилнинг бугун, 13 июнь куни кечқурун Эронга берган зарбаларини “бир томонлама ҳаракат” деб атади ва Вашингтоннинг бунга алоқаси йўқлигини айтди. Унинг тегишли баёноти Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилинди.

Рубио, шунингдек, Эронни минтақадаги АҚШ кучларига ҳужум қилмасликка чақирди.

“Исроил бугун кечқурун Эронга қарши бир томонлама чора кўрди. Биз Эронга қарши ҳужумларда иштирок этмаймиз ва бизнинг устувор вазифамиз минтақадаги Америка кучларини ҳимоя қилишдир”, деб ёзди Рубио.

АҚШ Давлат котибининг сўзларига кўра, Исроил Вашингтонга ўз ҳаракатлари “ўзини ҳимоя қилиш учун зарур” эканини айтган.

Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари 13 июнга ўтар кечаси Эронга қарши кенг кўламли операция бошлади, бу операция Теҳроннинг ядровий дастурига қаратилган.

ЦАХАЛга кўра, Эрон бир неча кун ичида 15 та ядровий бомба яратиш учун етарли даражада бойитилган уранни қўлга киритди, шунинг учун Исроил ушбу “мувофиқ таҳдид”га қарши чора кўриши керак. Ҳужумлар Эроннинг ўнлаб ҳарбий ва ядровий объектларини нишонга олган.

“Биз Эроннинг ядровий бойитиш дастурининг марказига зарба бердик. Биз Эроннинг баллистик ракета дастурининг марказига ҳам зарба бердик”, деди Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху.

Шу билан бирга, Исроилда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

“Яқин келажакда Исроил давлати ва унинг тинч аҳолисига ракета ҳужуми ва дрон ҳужуми кутилмоқда”, деди Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац.

Исроилга ракета отилиши мумкинлиги муносабати билан Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ушбу мамлакатдаги ўзбекистонликларга тезкор эҳтиёт чораларини кўришни қатъий тавсия қилмоқда. Эрон Ислом Республикасида истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларидан ҳам хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш сўралмоқда.

Шунингдек, Эрон ҳаво ҳудудининг ёпилиши муносабати билан бир нечта рейслар Тошкентдаги муқобил аэродромга йўналтирилди


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг