Исроилни тан олмаган Индонезия Президенти Тель-Авивга борадими?

Олам

image

Исроилнинг 12-телеканали ўз манбасига таяниб, эртага, 14 октябрь куни Индонезия Президенти Прабово Субианто Исроилга тарихий ташриф билан боришини хабар берди.

“Кун тартибида дунёдаги энг йирик мусулмон давлати бўлган Индонезия билан муносабатларни нормаллаштириш жараёнини бошлаш эҳтимоли турибди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳозирда Индонезия Президентининг мамлакатга ташрифига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Бироқ Индонезия расмийлари Субианто тез орада Исроилга келиши тўғрисидаги хабарларни рад этди. Шунингдек, “i24news”нинг ёзишича, бу ташриф ҳақидаги хабарлар ҳақиқий эмас, Индонезия ОАВ ва ҳукумати бундай ташриф режаси йўқлигини баён қилган.

Маълумот учун, Индонезия ҳозирча Исроилни расман тан олмаган ва дипломатик алоқалар ўрнатмаган. Дунёдаги энг катта мусулмон давлати расмий равишда Фаластин давлати мустақиллигини қўллаб-қувватлайди.

Қайд этиш жоиз, Прабово Субианто жорий йилнинг сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Ғазога 20 минг тинчликпарвар аскар юборишга тайёрлигини билдирганди. Прабовонинг айтишича, Жануби-шарқий Осиёдаги бу давлат БМТ тинчликпарвар кучларига энг катта ҳисса қўшувчилардан бири сифатида “тинчлик қўриқчиси керак бўлган жойларда хизмат қилишда” давом этади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 октябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроил ва ҲАМАС Ғазо секторидаги можарони ҳал этиш бўйича тинчлик режасининг биринчи босқичи бўйича келишув имзолаганини маълум қилганди. Америка раҳбари бу “барча гаровдагиларнинг тез орада озод қилиниши, шунингдек, Исроил қўшинларининг келишилган чизиқларгача орқага чекинишини” англатишини билдирганди.

Бугун, 13 октябрь куни ҲАМАС дастлаб 7 нафар исроиллик асирни, кейинороқ эса яна 13 нафар исроиллик асирни Қизил Хочга топширгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳозирга келиб, улар Исроилга етиб борган. Улар мамлакат жанубидаги қабул пунктига олиб борилади ва у ерда яқинлари билан учрашади. Исроилнинг давлат телерадиокомпанияси ҳисобланувчи “Kan”нинг хабарига кўра, озод этилган гаровдагиларнинг аҳволи қониқарли, улар мустақил ҳаракатлана олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Индонезия Исроил Прабово Субианто

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг