Исроилдаги ўзбекистонликларга яна махсус огоҳлантириш берилди
Олам
−
16 Июнь 6442 2 дақиқа
Эрон ва Исроил ўртасидаги уруш тобора авж олиб бораётгани боис Исроилдаги ўзбекистонликлар яна бир бор огоҳлантирилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Тель-Авивдаги элчихонаси хабар берди.
Қайд этилишича, Исроил ҳудудида хавфсизлик масалалари бўйича Фронторти буйруғи томонидан махсус огоҳлантиришлар берилади. Ўзбекистонликлардан ушбу белгиланган расмий кўрсатмаларга қатъий амал қилишин сўралган.
Элчихонага кўра, қизил рангдаги огоҳлантириш – бу хавфли вазиятни англатади. Бундай пайтда яқиндаги ҳимояланган жой (бомбоубежище/мамат) ёнида бўлиш лозим, ҳаракатланишни чеклаш зарур. Шунингдек, сирена эшитилганда, зудлик билан ҳимояланган жойга кириш ва янги огоҳлантириш берилгунга қадар шу ерда қолиш шарт.

Кўк рангдаги огоҳлантириш – хавф ўтганини ва ҳимояланган жойни тарк этиш мумкинлигини билдириш учун берилади. Бунда бошпаналар ёнида қолиш шарт эмас.

Шу билан бирга, ҳар қандай ҳолатда ҳам расмий органларнинг кўрсатмаларига риоя қилиш ва яқин атрофдаги бошпана жойлари ҳақида аввалдан маълумотга эга бўлиш сўралган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилнинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистондаги исроилликларга жамоат жойларида яҳудий ёки исроил рамзларини кўрсатмаслик, ижтимоий тармоқларда қаерда яшаётгани ёки қаерга саёҳат қилмоқчилиги ҳақидаги маълумотларни жойлаштирмаслик, Исроил ёки яҳудийлик билан боғлиқ оммавий тадбирлардан қочиш, маҳаллий хавфсизлик хизматлари билан ҳамкорлик қилиш ва хавф туғилганда дарҳол уларнинг кўрсатмаларига амал қилиш, жамоат жойларида ҳушёр бўлишни тавсия қилганди.
Live
Барчаси