Исроилда юз минглаб яҳудийлар норозилик намойишлари ўтказди (видео)
Олам
−
31 Октябрь 12033 2 дақиқа
Исроилда юз минглаб ультра-ортодокс яҳудийлар (Исроил ва хориждаги турли ультра-православ яҳудий диний жамоалари ва уларнинг аъзолари учун умумий ном) Қуддус шаҳрида ҳарбий чақирувга қарши норозилик билдирди. Оммавий норозилик намойиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
ОАВга кўра, кеча, 30 октябрь куни минглаб ультра-ортодокс эркаклар Қуддус марказига тўпланиб, уларни армияга чақириш режаларига қарши чиққан. Улар қўшиқ куйлаб, қарсак чалган ва қамоққа боришни афзал кўришларини билдирувчи плакатларни кўчалар бўйлаб кўтариб юрган.
Хабарларга кўра, Исроил Қуддусга кирадиган асосий магистрални ёпиб қўйган ва норозилик намойиши ўтказиладиган жойга 2000 дан ортиқ полиция ходимларини жойлаштирган.
Норозилик намойишлари шаҳар ҳаётини сезиларли даражада "фалаж қилган" – йўллар тўсиб қўйилган ва жамоат транспорти тўхтатилган.
BBC’нинг хабар беришича, намойиш “Миллионлар юриши” деб номланган. Исроил ташкил топганидан бери диний мактабларда кундузги вақтда таҳсил олаётган талабалар ҳарбий хизматдан озод қилинган. Бироқ энди бу қонунни ўзгартиришга ҳаракат қилинмоқда.
Шундай қилиб, Исроил аҳолисининг тахминан 14 фоизини ташкил этувчи ультра-ортодокс жамоасининг турли вакиллари ҳарбий хизматни кучайтириш чораларига қаршилик туфайли бирлашган. Улар, шунингдек, сўнгги ойларда чақирувдан қочган ультра-ортодокс эркакларнинг ҳибсга олиниши ҳам ёқлаган.
ТАСС хабарига кўра, митингда тахминан 200 000 иштирокчи қатнашган. Намойишчилар ва полиция ўртасида ҳам тўқнашувлар юз берган.
Бир нечта жойларда намойишчилар биноларнинг томларига, жумладан, битта тугалланмаган кўп қаватли бино ва яқин атрофдаги қурилиш кранига оммавий равишда чиққан. Оқибатда 15 ёшли намойиш иштирокчиси катта баландликдан йиқилиб вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италия терма жамоасининг Жаҳон чемпионати-2026 саралаш босқичидаги Исроилга қарши ўйини олдидан Удине шаҳрида Фаластин тарафдорлари ва полиция ўртасида тўқнашувлар содир бўлганди.