Исроилда янги қонун маъқулланиши ортидан намойишлар яна авж олди
Олам
−
26 Июль 2023
6177Исроил парламенти (Кнессет) Олий суд ваколатларини чекловчи мунозарали қонун лойиҳасини қабул қилганидан кейин Тель-Авив ва Исроилнинг бошқа шаҳарларида норозилик намойишлари кечгача давом этди. Исроил Бош вазири эса ҳуқуқий ислоҳотни “зарур демократик қадам” деб атади. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Тель-Авив ва Қуддусдаги муҳим йўлларни тўсиб қўйган минглаб намойишчиларни тарқатиш учун полиция сув пуркагичлардан фойдаланган. Ўнлаб кишилар ҳибсга олингани хабар қилинган.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху эса махсус телемурожаатида қонун ислоҳоти бўйича овоз бериш “керакли демократик қадам” эканини айтган.
“Бугун биз керакли демократик қадамни ташладик. Бу ҳаракат 50 йил аввал, судьялар ўзлари “асоссиз” деб ҳисоблаган ҳукумат қарорларини бекор қила олмаган пайтда мавжуд бўлган ҳокимият тармоқлари ўртасидаги мувозанатни тиклашга қаратилган. Сайланган ҳукумат мамлакат фуқароларининг аксарияти қарорига мувофиқ сиёсат олиб бориши учун биз “оқилона тузатиш” қабул қилдик”, дейди Нетаньяху.
Бунга қарамасдан, Исроил шифокорлар касаба уюшмаси бугун, 25 июль куни 24 соатлик иш ташлаш эълон қилган. Иш ташлаш пайтида Исроилдаги баъзи шифокорлар эрталабдан қисман дам олиш жадвалига ўтган, аммо фавқулодда вазиятлар бўлимлари одатдагидек ишлашда давом этган.
Мамлакатдаги вазиятга унинг яқин ҳамкорлари ҳам бефақр қараб турмаган. АҚШ қонун лойиҳасининг тор доира овози билан қабул қилинганини “афсусланарли” ҳол деб ҳисоблашини билдирган бўлса, Буюк Британия Исроил ҳукуматини суд тизимини ислоҳ қилиш таклифи билан боғлиқ ҳолда мамлакатда юзага келган жиддий можароларни ҳал қилишга чақирган.
Маълумот учун, январь ойида бошланган суд-ҳуқуқ ислоҳотларига қарши норозилик ҳаракати мамлакатдаги энг йирикларидан бирига айланди. Янги қонуннинг мухолифлари у сиёсатчиларга ҳаддан ташқари кўп ваколатлар бериб, демократияга хавф туғдиришини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, 24 июль куни Кнессетнинг 120 депутатидан 64 нафари моҳияти судни ҳукуматнинг асоссиз деб ҳисоблаган ҳаракатларини бекор қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва судьяларни танлаш тартибини ўзгартиришдан иборат бўлган суд-ҳуқуқ тизими ислоҳоти учун овоз берганди. Мухолифат депутатлари эса мажлислар залини оммавий равишда тарк этган, қолганлар эса овоз бериш жараёнида “Уят!” деб ҳайқирганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь