Исроилда сайлов олдидан янги яҳудий-араб партияси пайдо бўлди

Олам

image

Исроилда ташкил этилган янги яҳудий-араб сиёсий партияси жорий йил октябрь ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловлари олдидан ёш сайловчиларни жалб қилишга уринмоқда. Бироқ таҳлилчиларнинг фикрича, ушбу партия озчилик арабларнинг Бош вазир Биньямин Нетаньяху ва унинг ўнг қанот ҳукуматини ҳокимиятдан четлатиш имкониятини янада заифлаштириши мумкин. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Исроил фуқаролигига эга, аммо келиб чиқиши фаластинлик бўлган араблар мамлакат аҳолисининг тахминан бешдан бир қисмини ташкил этади. Бироқ улар анъанавий равишда яҳудий сайловчиларга нисбатан камроқ овоз беради.

Қайд этилишича, янги “A Place for Us All” (“Ҳаммамиз учун жой”) партияси тинчлик ва ижтимоий тенгликни тарғиб қилувчи чап қанотдаги “Standing Together” ҳаракати раҳбарлари томонидан ташкил этилган. Партия июнь ойида иш бошлаган бўлиб, 27 октябрдаги парламент сайловларида иштирок этишни режалаштирмоқда.

Бу 2023 йил 7 октябрдаги ҲАМАС ҳужуми ва Ғазо уруши ортидан ўтказиладиган илк умуммиллий сайлов бўлади. Янги партия яҳудийлар ва араблар бирлигини тарғиб қилиш орқали мамлакат тарихидаги энг ўнг қанот ҳукуматини алмаштиришни мақсад қилган.

Партия ҳамраҳбари Алон-Ли Гриннинг айтишича, улар сиёсий тизимда ўзини четда ҳис қилаётган ва сайловларда иштирок этмаётган ёшларга мурожаат қилмоқчи.

Исроилдаги озчилик араблар узоқ йиллардан буён ўзларига нисбатан иккинчи даражали муносабат кўрсатилаётганидан шикоят қилиб келади. Улар ҳозирги ҳукумат даврида бу муаммолар янада кучайганини таъкидламоқда. Жумладан, араблар яшайдиган ҳудудларда маблағ ажратиш етарли эмаслиги ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар сони рекорд даражага етгани қайд этилмоқда.

2022 йилги сайловларда араб сайловчиларнинг атиги 53,2 фоизи овоз берган бўлса, яҳудийлар ўртасида бу кўрсаткич қарийб 75 фоизни ташкил этган. Таҳлилчилар фикрича, айнан шу фарқ Нетаньяхунинг яна ҳокимиятга қайтишига ёрдам берган.

Ҳозирда тўртта асосий араб партияси араб сайловчилар овозини бирлаштириш учун яна иттифоқ тузишга ҳаракат қилмоқда. Исроил қонунчилигига кўра, партия парламентга кириши учун камида 3,25 фоиз овоз тўплаши керак.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, янги партия ушбу чегарадан ўта олмаса, араб сайловчиларининг овозлари парчаланиб кетиши ва уларнинг парламентдаги вакиллиги янада камайиши мумкин. Исроил Демократия институти эксперти Арик Рудницкийнинг фикрича, бу каби партияга берилган ҳар бир овоз араб жамияти учун йўқотилган овозга айланиши мумкин.

Алон-Ли Грин эса партиянинг мақсади мавжуд электоратни бўлиш эмас, балки илгари овоз бермаган янги сайловчиларни жалб қилиш эканини айтган. Шунингдек, у партия бошқа сиёсий кучлар билан бирлашиш эҳтимолини ҳам муҳокама қилаётганини, аммо сайлов тўсиғидан ўта олмаслиги маълум бўлса, сайловда иштирок этмаслигини билдирган.

Араб сиёсий партиялари раҳбарлари эса янги сиёсий кучнинг парламентга кириш имконияти паст деб ҳисобламоқда. Ҳозирда араб партиялари Кнессетдаги 120 ўриндан 10 тасини эгаллаб турибди. Улар 2015 ва 2020 йилларда ягона рўйхат орқали қатнашганида энг юқори натижаларга эришган эди. Бироқ бу сафар тўрт партиядан фақат учтаси бирлашишга муваффақ бўлган. Таал партияси раҳбари Аҳмад Тибийнинг айтишича, асосий мақсад араб партияларини ягона рўйхат атрофида бирлаштириш бўлиб қолмоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг