Исроил вазири яҳудийларни Нью-Йоркдан кетишга чақирди

Олам

image

Исроилнинг диаспора ва антисемитизмга қарши кураш ишлари бўйича вазири Амихай Шикли Нью-Йоркда 34 ёшли мусулмон-демократ Зоҳран Мамдани мэр этиб сайлангандан сўнг, шаҳарда яшовчи яҳудийларни Исроилга қайтишга чақирди.

“Бир замонлар умумий эркинлик рамзи бўлган шаҳар ҳокимият калитини ҲАМАС тарафдорига топширди. Унинг қарашлари 25 йил аввал 3 минг Нью-Йоркликни ўлдирган жиҳодчи фанатикларникидан унчалик фарқ қилмайди”, деб ёзди Шикли 5 ноябрь куни ўзининг X тармоғидаги саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, “Нью-Йорк энди ҳеч қачон аввалгидек бўлмайди, айниқса унинг яҳудий жамоаси учун”. Шунинг учун, вазирнинг фикрича, “улар Исроилни янги уйлари сифатида кўриб чиқиш ҳақида жиддий ўйлаб кўришлари керак”. 

“Нью-Йорк очиқ кўз билан Лондон чўкиб кетган жарликка қараб кетяпти”, деб ёзди Шикли.

Нью-Йоркда тахминан 1,3 миллион яҳудий яшайди – бу Исроилдан ташқаридаги энг йирик яҳудий жамоадир. Мамдани эса Исроил ҳукуматини апартеид режими деб атаган ва Ғазодаги урушни геноцид деб баҳолаган. Шу билан бирга, у ҲАМАС ҳақида очиқ фикр билдирмаган.

Шиклининг фикрини Исроилнинг миллий хавфсизлик вазири ва ўта ўнгчи “Йаҳудий куч” партияси раҳбари Итамар Бен-Гвир ҳам қўллаб-қувватлади. 

“Антисемитизм соғлом ақл устидан ғалаба қозонди. Мамдани – ҲАМАС тарафдори, Исроил душмани ва қаттиқ антисемит”, деди у.

Шаҳар мэрлиги сайловлари 4 ноябрь куни бўлиб ўтди. Деярли 98% овозлар санаб чиқилгандан сўнг, Демократик партия ва “Ишчи оилалар партияси”дан номзод Зоҳран Мамдани 50,4% овоз билан ғалаба қозонди. Иккинчи ўринда 41,6% овоз билан мустақил номзод Эндрю Куомо қолди – унинг номзодини АҚШ Президенти Дональд Трамп қўллаб-қувватлаган эди. Трамп шаҳар маблағларини қисқартириш билан таҳдид қилган ҳолда Куомога овоз беришни сўраган.

Куомо 2011–2021 йилларда Нью-Йорк губернатори бўлган, аммо жинсий тажовуз таъқиблар билан боғлиқ айбловлардан сўнг истеъфо берган ва кейинчалик праймеризда Мамданига ютқазган.

Трамп Мамданийни “коммунист” деб атаган ва унинг ғоялари шаҳарга зарар етказишини даъво қилган. Мамдани ўз дастурида уй ижара нархларини музлатиш, шаҳар автобусларида бепул йўловчи ташиш, умумий мактабгача таълим тизимини жорий этиш ва муниципал озиқ-овқат дўконлари тармоғини очишни таклиф қилган. Бу лойиҳаларни у бойлар ва йирик компанияларга солиқларни ошириш орқали молиялаштиришни режалаштирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Нью-Йорк Исроил Зоҳран Мамдани

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг