Исроил ва Сурия Иорданияда махфий музокара ўтказди
Олам
−
17 Май 3261 2 дақиқа
Иорданияда Исроил хавфсизлик хизматларининг юқори мартабали вакиллари ва Сурия ҳукумати мансабдорлари ўртасида яширин учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Al Akhbar” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, музокараларнинг асосий муҳокама мавзуси Сурия жанубида кенг миқёсли буфер зона (зарарсизлантирилган ҳудуд) яратиш имконияти бўлган. Агар томонлар келишувга эришса, Сурия мазкур зона устидан назоратни Исроил томонига топшириши мумкин.
“Бу музокаралар ҳақида ҳозирча Исроил ёки Сурия расмийлари томонидан расмий изоҳ берилмаган. Яширин музокаралар Бирлашган Араб Амирликларининг воситачилигида амалга ошмоқда. БАА нафақат воситачи сифатида, балки муҳокама қилинаётган “янада кенгроқ минтақавий қадамлар”ни илгари сурувчи томон сифатида ҳам иштирок этмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, бунгача Озарбайжонда томонлар ўртасида шундай музокаралар бўлиб ўтган. Ушбу учрашувда Исроил томонига Исроил армияси Бош штабининг оператив бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Одед Басюк вакиллик қилган. Суриянинг муваққат ҳукумати вакиллари билан ўша учрашувда Туркия делегацияси ҳам иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, 14 май куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонига ташрифи давомида Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан учрашганди. Ўшанда Ар-Риёд шаҳрида Туркия, АҚШ, Саудия Арабистони ва Сурия етакчилари иштирокида онлайн форматдаги тўрт томонлама мулоқот ташкил этилди. Трамп, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ва Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқот қилди. ОАВ Трамп аш-Шарага Исроилни тан олиш ҳамда Иброҳим келишувларига қўшилиш таклифини берганини хабар қилди.
Live
Барчаси